Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида камбағаллар томонидан амалга оширилган хайр-саховатлар ҳақидаги маълумотлар бармоқ билан санарлидир, деб ёзади Bugaga.ru нашри. Биз қайсидир мамлакатни сув босгани, табиий офат туфайли одамлар кўчирилгани, уруш бошланиши мумкинлиги ҳақидаги турли-туман негатив хабарларни ҳар куни эшитамиз. Бундай маълумотлар ҳар қандай одамни ҳам эсанкиратиб, депрессияга тушириб қўяди. Қуйидаги воқеалар эса бунинг акси, уларни ўқигандан кейин қалбингизда одамларга нисбатан ишонч ва меҳр-муҳаббат уйғонади. Бундай эзгу амалларни камбағал инсонлар амалга ошираётганини ҳисобга олсак, улар дангасалиги туфайли муҳтожликда яшайди, деган фикрдан воз кечишимизга тўғри келади.
10. Ўқувчи қизларга янги кийим олиб берган камбағал эркак
Ҳиндистоннинг махсус мактабларидан бирида таълим олувчи 11 нафар ўқувчи қиз олиҳиммат инсон томонидан совға қилинган янги либосларга эга бўлишди. Кейинчалик қизларга янги кийим совға қилган одам бадавлат эмас, балки 64 ёшли муҳтожликда кун кечирувчи Кимжибхай Пражапати (Khimjibhai Prajapati) эканлиги маълум бўлди. Бир пайтлар бу одамнинг хусусий чой дўкони бўлиб, кейинчалик ишлари юришмай, кўчада тиланчилик қилиш билан шуғулланган. Бироқ ўзининг шундай ачинарли аҳволда яшашига қарамай, у ўзидан-да, оғирроқ шароитда яшайдиган муҳтожларга ёрдам бериб келмоқда. У оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида махсус мактабда ўқийдиган камбағал қизларга ёрдам бериш мақсадида анчадан бери пул йиққанлигини ва ниҳоят шу пулга уларга совға сифатида кўйлаклар олиб берганлигини маълум қилди. Унинг хайриясини кўрган мактаб маъмурияти уни “ҳақиқий саховатпеша” инсон, деб атади.
9. Чақалоқни қутқариб қолган дайди
Мазкур эзгу амал пул, совға билан боғлиқ бўлмаса-да, у бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди. Американинг Оклахома штатида яшовчи эр-хотин ғайриоддий воқеага дуч келишди. Аёл машинада кетаётганда фарзанд кўриб, чақалоқнинг киндиги бўйнига ўралиб қолганидан нима қилишни билмай, одамлардан ёрдам сўради. Эркак ҳам бундай вазиятда янги туққан аёл ва чақалоққа қандай ёрдам беришни билмай, саросимага тушиб қолди. У чақалоқ ҳушидан кетиб қолгани учун “Тез ёрдам” келгунча кеч бўлиши мумкинлигини англади. Яхшиямки, уларнинг бахтига уйсиз-жойсиз, дайди Гэри Уилсон (Gary Wilson) учраб, эр-хотиннинг жонига оро кирди. У бундай ҳолатда биринчи тиббиё ёрдам кўрсатишни яхши билганидан ҳеч нимадан чўчимади. Гэри боланинг ўралиб қолган киндигини бўйнидан ечиб, орқасини массаж қилди. Етиб келган “Тез ёрдам” ходимлари Уилсонни мақтаб, тўғри йўл тутганлигини таъкидлашди.
8. Нигериялик гадой тиланчилик қилиб топган пулини табиий офатдан азият чекканларга берди
Ўтган йилнинг октябрь ойида Нигерияда яшовчи ўрта ёшли Симон Озоемена (Simon Ozoemena) исмли гадой Нигериянинг Анамбра (Anambra) вилояти аҳолиси сув тошқинидан азият чекканига гувоҳ бўлгач, уларга ёрдам беришга қарор қилди. Озоемена меҳнатга лаёқатсиз бўлгани туфайли тиланчилик қилиб топган 188 долларни ҳукумат вакилларига топширди. Унинг хайр-саховатидан ҳайратга тушган амалдорлар хайрияни жабрланганларга етказишга, ақл билан сарфлашга ваъда беришди. Ўзи тиланчилик орқали кун кечирувчи Озоеменага “Нега пулларингизни хайрия учун сарфладингиз?”, деб савол берилганда у “Табиий офатдан азият чеккан одамлар илгари мендан яхшироқ яшаган, мазкур ҳодиса туфайли улар қийналиб қолганини ҳисобга олиб, бор пулимни уларга беришга қарор қилдим”, деб жавоб берди.
7. Хитойлик саёҳатчи гадо
Ванг Чжию (Wang Zhiyou) 18 ёшга тўлганда, ҳақиқий ота-онаси ўта камбағал бўлганидан, уни боқа болмай, бошқа оилага бериб юборганидан хабар топди. Бу воқеадан хабардор бўлганидан кейин қашшоқликда кун кечириш нақадар оғирлигини ҳис қилди ва камбағалларга ёрдам бериш мақсадида тиланчилик қилди. У маълум жойда бир ой туриб тиланчилик қилади, кейин оммавий ахборот воситалари орқали энг камбағал одамни излаб топади ва бир ой давомида йиққан пулини унга топширади. Чжию 15 йиллик “карьераси” давомида 6000 доллар маблағни хайрия қилди. У пулни муҳтожларга бераётганда улардан пулни қабул қилиб олгани ҳақида тилхат ёздириб олишни унутмайди.
6. Ҳалоллик учун мукофот олган одам
Агар бу дунёда ҳалол, виждонли одамлар қолмаган десангиз, адашасиз, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Билли Рэй Харрисе (Billy Ray Harris) айнан шундай одамдир. Совуқ қиш кунларининг бирида Канзасда яшовчи 55 ёшли тиланчи эркакнинг чақа соладиган идишига танга ташлаган аёл тасодифан нархи минг доллар бўлган узугини тушириб қўйганини сезмади. Аёл буни орадан маълум вақт ўтгач, билиб қолди ва Харрисни қидиришга тушди. У Харрисни ўша тиланчилик қиладиган жойидан топди ва узук ҳақида сўради. Харрис узукни аёлга қайтариб берди. Турмуш ўртоғи ҳадя этган узук топилганидан боши кўкка етган аёл ёнидаги бор пулини тиланчига ҳадя этди. Бундан хабар топган аёлнинг турмуш ўртоғи Интернетда Харриснинг ҳалоллиги ҳақида ҳикоя қилди, фойдаланувчилардан унга ёрдам сифатида пул йиғишни таклиф этди. Бу ҳикоядан таъсирланган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари йиққан пул 100.000 доллардан ошиб кетди. Харрис кейинчалик шайтон қутқусига учиб, узукни сотмоқчи бўлганлигини, аммо бу иши хато эканлигини англаб, сабр-тоқат билан аёлни кутганлигини маълум қилди.
5. Бева аёл ўзига тегишли ерни меҳрибонлик уйига совға қилди
Ҳиндистонлик, ўзининг 100 ёшлик таваллуд кунини нишонлаган Синдубала Мишра (Sindhubala Mishra) исмли бева аёл ўзига тегишли ерни болалар уйи ва болалар хиёбони қуриш учун ҳадя қилишга қарор қилди. Мишра, тўққиз ёшда турмушга чиққан бўлиб, тўйдан икки йил ўтгач, турмуш ўртоғи вафот этган. Аммо эрининг қариндошлари ва ўзининг ота-онаси уни қабул қилишни истамаганлиги туфайли кўчада қолиб, тиланчилик ҳисобига кун кечиришга мажбур бўлган. У сабр-тоқат билан пул йиғиб, мазкур ерни сотиб олишга муваффақ бўлди. Айни пайтда у ўзига тегишли ерни уйсиз-жойсиз ва етим болаларга совға қилиш нияти билан яшамоқда. Унинг сахийлиги бошқа одамларни ҳам илҳомлантириб, улар қурилиш ишларини бепул амалга оширишга қарор қилишди.
4. Меҳмонхона ҳақини тўлаган гадой эркак
Чикаголик уйсиз-жойсиз, дайди эркак Кертис Джексон (Curtis Jackson) ўзига яхши муомалада бўлган, ҳар доим ёрдам бериб келган аёлнинг қийин вазиятга тушиб қолганини эшитиб, унга ёрдам беришга шошилди. Кертис 39 ёшли ёлғиз онани учратганда, аёл банкда ишлар, ўз уйига эга эди. У ишидан айрилгач, уйини ҳам йўқотиб, кичкина ўғли билан кўчада қолди. Ёлғиз она фарзанди билан автомобиль ичида ухлаётганини кўрган васийлик хизмати ходимлари уни бола билан автомашина ичида ухлаш мумкин эмаслигидан огоҳлантирди. Аёл меҳмонхонада яшаш учун қаердан пул топиш мумкинлиги ҳақида ўйлаётганда, уни мушкул вазиятдан Кертис қутқарди. У аёлнинг илгари ўзига яхши муносабатда бўлганини хотирлади ва ҳар куни тиланчилик қилиб топган пули билан меҳмонхонанинг кунлик тўловини амалга оширишни ният қилди. Кертис умумий ҳисобда меҳмонхона учун 9000 доллар пул тўлади ва бундан кейин ҳам қўлидан келганча аёлга ёрдам беришини билдирди.
3. Ҳотамтой қашшоқ эркак
Аям Камбиранон (Aiam Cambhiranon) 34 йил мобайнида Бангкокнинг будда ибодатхонаси ёнида тиланчилик қилиб топган пулини фақатгина ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаганда дунёнинг энг бой одамларидан бирига айланган бўларди. 63 ёшли Камбиранон ўз ҳаракатлари билан қалби олтин эканлигини исботлади. У умумий ҳисобда 76 000 доллар тўплаб, уни ибодатхонани таъмирлаш учун сарфлади. У илк бора 2011 йилда улкан хайрияни амалга оширди ва уни ҳар йили давом эттирадиган бўлди. Ибодатхона роҳиблари зиёратчилар орасида Камбираноннинг обрўси рок юлдузларники каби ортганлигини билдирди. У ўзининг пул топиши билан маҳаллий ўғриларнинг эътиборини тортгани учун роҳиблар Камбиранонни ибодатхонада ухлашга кўндиргани унинг ҳаётидаги ягона ўзгариш бўлди. У ибодатхонада тунай бошлагандан бери уни ва таъмирланган ибодахонани кўнгилли қоровуллар қўриқлайдиган бўлди.
2. Уйи-жойи бўлмаган эркак бошқларнинг уйини тозалайди
Ўзи муқим турар жойга эга бўлмаган Леса Весниевски (Les Wesniewski) ҳаёти ўзиникидан оғирроқ бўлган одамларга ёрдам беради. Калгари шаҳрида жойлашган уйсиз дайдилар бошпанасида яшовчи Леса сув тошқинидан азият чеккан одамларга кўмаклашига қарор қилди. У бир неча кўнгиллилар билан бирга ҳар куни сув тошқинидан зарар кўрган уйларни тозалади. Весниевски кейинчалик интервью берганида одамларга ёрдам бераётганидан жуда бахтли эканлигини билдирди. Унинг кўнгилли ўртоқлари Весниевскининг ҳаракатларидан илҳомланиб, бошқаларга ёрдам берганликларидан, эзгу ишларни амалга оширганликларидан мамнунликларини маълум қилди.
1. Номаълум қашшоқ зилзиладан жабрланганларга икки ой давомида тиланчилик қилиб топган пулини хайрия қилди
Агар эътибор берган бўлсангиз, хайрия қилаётган бойлардан кўра, кўпроқ камбағаллар хайр-саховот учун катта маблағ сарфлайди. Масалан, 2013 йилнинг апрель ойида Хитойда зилзиладан азият чеккан одамларга ёрдам бериш мақсадида пул йиғилаётганда номаълум гадо икки ой мобайнида чақалаб йиққан 160 долларни юртдошларига хайрия қилди. Унинг бу ҳаракати Хитой ижтимоий тармоқларида катта шов-шувларга сабаб бўлиб, у “энг қўли очиқ гадо” номига сазовор бўлди. Бу унинг илк хайрияси эмас, балки олдин ҳам лейкемияга чалинган боланинг даволаниши учун пул бергани маълум бўлди.