Англиялик журналист қўлига қилич олган ҳолда тушган фотосурати орқали террорчиларни дуэлга чақирди, деб хабар берди Tjournal.ru нашри.
The New Observer номли инглиз нашрининг журналисти Андре Уокер (Andre Walker) “Ислом давлати” гуруҳи жангариларини курашга чорлади. Жангарилар уни ўлдира олса, 50 минг фунтга эга бўлишини маълум қилди.
Уокер Манчестер стадионида ва Лондон шаҳрида содир этилган терактдан кейин шундай қарорга келганини маълум қилди. Журналист ўзининг Твиттер саҳифасида бу ҳақда шундай хабар қолдирди:
“Террорчилардан энг катта танқидчиларининг овозини ўчиришни таклиф қиламан, эвазига мукофот бераман. Аммо ҳар бир ўйиннинг ўз қонун-қоидаси бор. Қўлимга қилич тутганим курашга тайёрлигимни билдиради.”, деб ёзди журналист Андре Уокер. Агар жавоб ёзишса, жангариларга ўз яшаш манзилини беришни ваъда қилди.
У “Ислом давлати” террорчиларини “ожиз ва қўрқоқлар”, деб атади. Лондон аҳолисини улардан қўрқиб уйда ўтирмасдан, кўчага чиқишга даъват этди.