АсосийDunyo

Ҳашаматни ёқтирмайдиган, аммо хайрия учун пул аямайдиган машҳурлар

'Ҳашаматни ёқтирмайдиган, аммо хайрия учун пул аямайдиган машҳурлар'ning rasmi

Кўпинча биз машҳурлар ресторанларда овқатланишади, дабдабали автомобилларда юришади, қимматбаҳо либосларни кийишади, деб ўйлаймиз. Қуйида мисли кўрилмаган гонорар олишса-да, камтарингина яшайдиган машҳурлар билан танишинг.

Женнифер Лоуренс


“Очлик ўйинлари” қаҳрамони Женнифер пешона тери билан топаётган “ақча”ларини зое қилмайди, десак, муболаға бўлмайди. Ўзининг шахсий Volkswagen Eos русумли машинасида юради, дўкондаги арзонгаров маҳсулотлардан харид қилади. Актрисанинг она шаҳри Луисвиллдаги болалар касалхонасининг кардиологик бўлимига Jennifer Lawrence Foundation Cardiac Intensive Care Unit (Kosair Hospital) номи берилган. Женнифер бу шифохонага 2 млн. долларни хайрия қилган.

Сара Жессика Паркер


Актриса пулларини тежамкорлик билан ишлатади ва фарзандларини ҳам шунга ўргатган. Сара болаларига ўзи кийим тикиб беради.

Винсент Картайзер

“Ақлдан озганлар” сериалининг юлдузи жамоат транспортида юришни мақбул кўради ва одмигина уйга яшайди. Сериалнинг аста-секин машҳур бўлиши билан чор-атрофини ўраб бораётган буюмлар Винсентнинг жаҳлини чиқарди. Шунда у анча-мунча буюмларини одамларга тарқатиб юборди.

Кристиан Бейл


“Мио, болажоним Мио”даги Юм-Юмни таниётган бўлсангиз керак. Вақт ўтиб режиссёр Кристофер Ноланнинг “Бэтмен”ида супер қаҳрамонни яратган Кристиан Бейл ҳатто машҳурликка эришгач ҳам узоқ вақтгача бир хонали квартирасида оиласи билан истиқомат қилаверган, унинг на телефони, на тансоқчиси бўлган. “Мол-дунё мен учун сариқ чақалик аҳамиятга эга эмас. Мабодо битта-яримта ўғри уйимни тунашга тушса, ўтирволиб йиғлай бошлаши турган гап”, ¬– деганди актёр интервьюларидан бирида. Яқинда катта экранларга чиқариладиган янги “Ваъда” фильмидан тушадиган пулларни актёр хайр-эҳсонга тортиқ этишни режалаштирган.

Леонардо Ди Каприо


Катта гонорар тўланадиган актёрга айланганда ҳам Лео оддий Toyota Prius русумли машинасида юраверган. Ди Каприо нуфузли самолётларда эмас, балки сал “мундайроқ” самолётларда учишни маъқул кўради. 1998 йили актёр Leonardo Di Caprio Foundation хайрия фондини ташкил қилиб, ўттиздан ортиқ хайрия ташкилотларига, жумладан, Amazon Watch, National Geographic: Pristine Seas, Save the Elephants and the World Wild life Fund кабиларга 15 млн. доллар ўтказиб берган.

Женнифер Гарнер


Женнифер Ҳолливуд юлдузи бўлиши билан бирга уй бекаси уй бекаси эканини ҳам унутмайди. Гарнер кўпинча ул-бул олиб келгани бозорга ўзи чиқади. Актриса Save the Children (болалар ҳуқуқи ва таълими бўйича шуғулланувчи фонд) фонди билан ўн йилдан бери ҳамкорлик қилиб келади.

Рассел Кроу


Оскар мукофоти совриндори тўкин-сочин ҳаётни ўзига эп кўрмайди. У Австралияга кўчиб ўтиб, оддий ранчо билан эски жип сотиб олди. Кроунинг айтишича, у анчадан бери излаётгани – хотиржамлик ва табиатни топди. Рассел тез-тез турли ташкилотларга, хусусан, 2004 йили терактдан жабр кўрган Монреалдаги мактабга йирик суммаларини ажратиб туради.

Риз Уизерспун


Актриса пулларини эҳтиёткорлик билан ишлатади ва озми-кўпми пул йиғиб қўйишни одат қилган. Болаларини ҳам ўта эркалатиб юбормайди, уларни молиявий тартиб га ўргатган. Риз АҚШ ва Канададаги қашшоқ болалар учун буюмлар йиғиш кампаниясида иштирок этиб туради.

Жессика Альба


Жессика – жуда тежамкор она ва экологик тоза The Honest Company тагликлари компаниясининг асосчисидир. Актриса катта қизининг тор келиб қолган кийимларини ташлаб юбормасдан, уларни кичкина қизалоғига кийдиради. Американинг Forbes журнали Жессика Альбани АҚшнинг энг бой аёллари рўйхатига киритган бўлса-да, актриса жамоат транспортида юришдан уялмайди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар