19 ёшли Решма Куреши Нью-Йоркда ўтказилган модалар ҳафталигида ҳинд дизайнери Арчани Кочхарнинг либосларини намойиш қилди, деб ёзди Svpressa.ru нашри.
Қиз узун кўйлак ва нафис тожда подиумга кўтарилди. Асли мумбайлик бўлган Решманинг юзига бундан икки йил муқаддам кислота сепилган эди. Фожиадан кейин қиз бир кўзидан айрилди. Аммо жисмоний камчиликларига қарамай, у YouTube каналида ўз блогини юритди.
Ҳиндистонда бундай фожиага дучор бўлган бошқа қизлардан фарқли равишда Решма мазкур фожиа ҳақида бутун оламга жар солишга куч топди. Айни кунларда унинг каналини 2,5 миллион нафар одам томоша қилади. Ҳозирда қиз эркин кислота савдосига қарши курашувчи кампанияга раҳбарлик қилади ва YouTube каналидаги роликларда суратга тушиш билан бирга гўзаллик сирлари ҳақида ҳикоя қилади. У мазкур ҳаракатлари билан тақдири ўзиникига ўхшаш қизларни илҳомлантиришига ишонади.