“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб, лицензияга эга хонандалар учун бир қатор янгиликларни жорий этмоқда. Хусусан, кўплаб таниқли хонандалар бугунги кунгача лицензия тўловларини тўламай юриши ҳолатлари кузатилмоқда ва уларга расман қатъий огоҳлантиришни маълум қилиниб, 1 июльдан бошлаб Республика бўйлаб хонандаларнинг қонуний фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида рейдлар ташкил этилади ҳамда лицензиясиз фаолият юритаётганлиги учун қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
“Қонунда белгиланган тартибга мувофиқ лицензиатлар(лицензияга эга хонандалар) якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади ва даромад солиғидан озод этилган, шунингдек солиқ кодексига асосан уларга ижтимоий мажбурий суғурта тўлови белгилаб қўйилган. Бугунги кунга келиб, санъаткорларга шунчалик шарт-шароитлар , имтиёзлар (хусусан даромад солиғидан озодлиги хам) яратилишига қарамасдан айрим хонандалар томонидан шу ижтимоий мажбурий суғурта тўловларини тўламаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Жорий йилнинг 10-июлига қадар ушбу ижтимоий мажбурий суғурта тўловларни тўлашдан бош тортаётган хонандаларни лицензиялари бекор қилинишини маълум қиламиз ва бу хақида огоҳлантирамиз!”, — дейди "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси лицензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров.