Марказий Россия аҳолиси синоптикларнинг бу йил ёз бўлмаслиги ҳақидаги хабаридан кейин бутунлай умидсизликка тушди, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Уралгача бўлган ҳудудларда сув тошқини кузатилаётган бўлса, Урал ортидаги ёнғинларни ўчиришнинг иложи бўлмаяпти. Гапиришга эринмаган одам борки, иқлим ўзгариши охир замоннинг аломати эканлиги ҳақида турли туман миш-мишларни тарқатмоқда. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Россияда бундан 200 йил илгари — 1816 йилда ёз бўлмаган. Индонезияда вулқон отилиши оқибатида Ерда турли фалокатлар рўй берган. Америкада қор ёққан. Европада совуқ туфайли ҳосил олинмаган, очлик ва юқумли касалликлар тарқаган. Молларнинг қирилиб кетиши оқибатида немислар велосипедни, ҳосилдорлик бўлмагани туфайли минерал ўғитларни, хитойликлар эса тиббиёт учун зарур, деб ҳисоблаган гиёҳвандлик моддаларини ўйлаб топишган. Бундан агар ёз бўлмаса, яшаш учун курашиш мақсадида инсон мияси турли ихтироларни яратар экан, деган хулосага келиш мумкин.
Табиий офатлар бозорда мева ва сабзавот нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлди. Россияда бу йил ёзда резина этикларнинг, соябонларнинг, ёмғирпўшларнинг, иситкичларнинг ва сув тортувчи насосларнинг бозори чаққон бўлди. Уларнинг қаторига дорихоналарни ҳам киритиш мумкин. Одамлар оммавий тарзда антидепрессантлар, витаминлар ва шамоллашга қарши дори воситаларини катта миқдорда сотиб олишди.
Дорихона тармоқларининг расмий вакили Алексей Киселёв-Романов дорихоналарда оддий грелкага бўлган талаб жуда ошиб кетганлигини, 3-4 кун ичида бир ойлик даромадларини ишлаб топганликларини маҳълум қилди. Аномал совуқ аксарият аҳолини ишсиз қолдирди. Салқин ичимлик, музқаймоқ, квас сотиш билан шуғулланган тадбиркорлар савдо нуқталарини ёпишга мажбур бўлди. Дам олиш, чўмилиш учун мўлжалланган пляжлар ҳам ёпилди. Москва шаҳрида ёзги либослар коллекциясини сотиш билан шуғулланувчи мода бутиги ярим миллион рубль зарар кўрди. Кун совуқ бўлгани туфайли улар ёз фаслига мўлжаллаб яратган либослар ҳеч кимга керак бўлмади.






