АсосийShou-biznes

​АКБАРХЎЖА РАСУЛОВ РОССИЯГА КЕТГАНИ ВА ТЕАТРГА ҚАЙТИШИ САБАБЛАРИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

'​АКБАРХЎЖА РАСУЛОВ РОССИЯГА КЕТГАНИ ВА ТЕАТРГА ҚАЙТИШИ САБАБЛАРИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)'ning rasmi

Актёр Акбархўжа Расулов "Даракчи" газетаси меҳмони. Экранда кўпинча комедик жанрдаги фильмларда кўринадиган актёр, аслида жиддий инсон. У ўз дунёқарашига эга ва ҳаётий фалсафасини илгари сура оладиган ижодкорлардан...

— Сизни психолог билан ҳамкорликда тайёрланадиган лойиҳамизга таклиф этганимда “Ичимдаги гапларимни ҳаммага ошкор этишни истмайман” дегандингиз. Акбархўжани яқиндан танишларини истмайсизми?

— Психолог билан боғлиқ бу лойиҳада иштирок этмаганимга сабаблар кўп. Биринчидан, ижтимоий тармоқлардан рўйхатдан ўтганман. Мени яқиндан танимоқчи бўлганлар у ердаги суратларим орқали ҳам маълумот олишлари мумкин. Шу очиқ-ойдинликнинг ўзи етарли, деб ўйлайман. Психология қайсидир маънода бироз хавфли касб. Улар оддий кўз қараш, гап-сўзларингиздан ҳам ҳамма нарсани билиб олиши ҳеч гапмас. Мен эса ўзимдаги бошқалар билиши шарт бўлмаган баъзи жиҳатлар ошкор бўлишини хоҳламадим.

— Айни кунларда нималар билан бандсиз? Ҳатто ёзги мавсумда ҳам театрдасиз, ишлар қизғин шекилли...

— Бу саволингизга узоқ жавоб беришим мумкин (кулади). Чунки “Дийдор” театр студияси ижодий гуруҳи, актёрлари билан иш тартибимиз жуда тиғиз, янги асар устида ишлаш билан бандмиз. Айни кунларда киносценарист Ёлқин Тўйчиев ҳам бизнинг жамоамиз билан бирга, илк бор ўзини театр соҳасида синаб кўряпти. Ёлқин ака янги “Монолог” спектаклининг сценарий муаллифи. Асар сентябрда премьера бўлиши режалаштирилган. Шунинг учун деярли ҳар куни репетиция бўляпти. Спектаклимиз ғояси ҳақида тўлиқ гапириб беролмайман. Аммо ишонаман, бу мавзуга ҳали яна қайтамиз.

— Акбархўжа, театрда фаолият юритиш сиз учун осонми ёки..

— (Бироз ўйланиб) Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, театрнинг иши осон эмас. Лекин шунга қарамай театр сеҳрли маскан. У инсонни ҳар қандай қийин вазиятлардан қутқариб, олиб чиқиб кетадиган кучга эга. Бу ерда актёр ижодий эркинликни ҳис этиб яшаши, ишлаши мумкин. Ана шу жиҳатларини инобатга олганда театр ҳаёти мен учун умуман қийин эмас. Яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Мен ва бугун бир саҳнада ишлаётган ҳамкасбларим кеч бўлсада, театр — актёр учун шарт ва зарурий ижод “қозон”и эканини тушуниб етдик. Бугун буни қадрлаб, чин маънода ижод билан бандлигимиздан жуда хурсандмиз.

— “Дийдор” театри асосчиси ва унинг раҳбари Баҳодир Йўлдошев билан ишлаш қийинчилик туғдирмайдими?

— Очиғини айтсам, бу мавзудаги гапларни кўп эшитганман. Саволга эса осон ёки қийин дея жавоб берганларни ҳам эшитганман. Шахсан ўзимга келсак, мен учун бу инсон билан ишлаш, мулоқотда бўлиш жуда қулай. Чунки ўз фикрини баён эта оладиган ва ўйларини актёрга аниқ тушунтира билган режиссёр билан ишлаш қийинчилик туғдирмайди. Шунинг учун ҳам раҳбаримиз билан ижодий ҳамкорликда муаммо сезмаганман.

— Бу саволни беришимнинг ўзига хос сабаби бор. Билишимча, бундан бир неча йил илгари Баҳодир Йўлдошев билан бирга ишлаб кейин театрдан кетган экансиз...

— Биринчи президентимиз ташаббуси билан ўз фаолиятини бошлаган “Истеъдод” номли театр студиясида Баҳодир аканинг қўлида ўқиб, ишлаганман. Кейинчалик маълум бир сабабларга кўра театр студияси ёпилгач, бироз вақт “Ёш томошабинлар” театрида ҳам ишимни давом эттирганман. 2013 йилда эса Баҳодир аканинг ўзи ташкил этган “Дийдор” театр студиясига келдим. Аммо ўша пайтда ички ҳолатим, кайфиятим сабаб ҳамда кино оламидаги чегара ва сиқувлардан бироз қийналиб россияликлар билан ҳамкорликда ўзимни синаб кўришга қарор қилгандим. Яъни “Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан” деганларидек, Россияда ижод қилиш учун кетдим. Йиллар давомида тажриба ошириш, дунёқарашимни кенгайтириш билан банд бўлдим. Тасвирга олиш майдончаларида баъзида актёр, базан эса оддий кузатувчи сифатида вақт ўтказганимни яхши эслайман. 2015 йил яна “Дийдор”га қайтдим. Айтмоқчиманки, театр соҳасидан бироз вақт узоқда юришимга Баҳодир ака эмас, ўзим сабабчиман. Раҳбаримиз ўша вақт мени тўғри тушуна олганди. Ҳатто, театрдан кетмоқчилигимни айтганимда ортиқча гапирмай фақат “От айланиб, айланиб барибир қозиғини топади” дегандилар. Ўйлаб қарасам, вақт ўтиши билан барибир театрдан таскин топишимни сезган эканлар. Мени қўллаб-қувватлаб, тушуна олганларидан жуда хурсандман.

— Театрда актёрликдан ташқари, Баҳодир Йўлдошевнинг ишонган шогирди сифатида иш юрутувчи ҳам экансиз? Шу ростми?

— Биласизми, Баҳодир ака доим “Менга устоз, деб мурожаат этманглар” дейдилар. Негадир бугун устоз-шогирдликнинг қадри қолмагандек. Бунга санъатни тушунган-тушунмаганлар ҳам ёнида юрганларни шогирдим, деб таништириши сабаб деб ўйлайман. Бу нарсалар шахсан менга ҳам эриш туйилади аслида. Саволингизга келсак, мен ҳеч қачон у инсонга “Устоз бўлинг!”, “Мени ўзингизга шогирд деб билинг” демаганман. Назаримда, ҳаётимиз давомида айтилиши шарт бўлмаган ва ҳаммаси ўз-ўзидан, ўрнида бўладиган муносабатлар мавжуд. Баҳодир ака ва бошқа устоз даражасидаги инсонлар ҳамда менинг ўртамиздаги муносабатлар, бунга яққол мисол бўла олади. Энг муҳими ҳурмат ва ички кечинма. Театрдаги вазифаларимга келсак, у киши менга топширган ишларни бажаряпман. Мисол учун Баҳодир ака ҳозир Самарқандда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” тадбири билан банд. Шу сабаб ҳозирча репетицияларни режалаштириш, театр ишларига кўз-қулоқ бўлиш вазифасини мен бажаряпман. Бундай жиддий вазифаларни менга ишониб топширганларидан хурсанд бўлсам ҳам, бунинг масъулияти катталигини яхши биламан. Бу юмушларни бажаришни мансабга йўйиш менимча, нотўғри бўлади...

— Сизни масъулиятли ва принципиал актёр сифатида биламиз. Лекин яқинда устоз санъаткор Мунаввар Абдуллаева билан суҳбатда баъзи нарсаларни эшитиб ҳайрон бўлдим. Айтишича, телевидение тасвирга олиш ишларида қатнашишингиз керак экан, лекин сиз келмаганингиз учун иш тўхтатилибди. Мунаввар опа бир соат фақат сизни кутиш билан вақт ўтказган...

— Биласизми, бунда мени айблаш бироз ноўрин. Тўғри, ҳозир айтмоқчи бўлганларимни ўқиганлар, “Баҳона излаяпти” дейишлари аниқ. Аммо бу ҳақиқат. Аслида, ўша вазиятда бутун айб ташкилотчиларда эди. Тасвирга олиш ишлари ҳақида мени огоҳлантириш эсдан чиқиб, Мунаввар опани таклиф қилиб қўйишган экан. Очиғи, ўша пайтда шундай вазият юзага келганидан ўзимнинг ҳам жаҳлим чиқди. Аксига олиб бошқа бир зарур ишни ҳам ташлаб кетолмаганман. Лекин бўлиб ўтган ишлардан кейин ташкилотчилар яхшигина гап эшитишди. Бировларнинг айби учун биз азият чекишимиз ва бундай тушунмовчиликлар келиб чиқиши нотўғри.

  • Масъулиятсизликнинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
  • Агар инсонинг иродаси мустаҳкам бўлса, уни ҳеч ким ёмон иш қилишга мажбурлай олмайди. Бундан ташқари, ўғил болани тўғри тарбия олишида ота-она ва оилавий муҳитнинг ўрни жуда катта. Ҳар куни мунтазам “Болам ёмонга қўшилма. Спиртли ичимликлар ичма, тамаки чекма” каби сўзлар қайтарилиб туриши керак, деб ўйлайман. Тўғри, болалар ўзича “Ичмасам, чекмасам нега ҳадеб гапираверадилар” деб ўйлаши ҳам мумкин. Аммо хулқи бузуқларнинг даврасига қўшилиб қолмасликка ёрдам берадиган куч айнан шу деб ўйламан. Болага ҳар куни айтиладиган сўзлар, албатта онг остида сақланиб қолиди.

— Масъулиятсизлик инсоннинг характеридаги заифликдан келиб чиқади деб ўйлайман.

— Инстаграм саҳифангизда “Актёр” ва “Шоумен” таърифи ёзилгани эътиборимни тортди. “Шоумен”лик сизга нима учун керак?

— Бошловчилик, шоу дастурлар яратишга қизиқаман. Бунга ўзимда иқтидор сезганим учун ҳам қўл урганман. “Шоуменлик” айнан, Москва сафаримдан кейин пайдо бўлган. Турли тадбир ва кечаларни қиздириб, кутилмаган вазиятлар билан шоу дастурлар уюштирадиган соҳа вакилларини кўриб жуда қизиқиб қолгандим. Аммо ватанимга қайтиб келганимда бизда ҳали бу касб унчалик ривожланмаганини тушуниб етганман. Лекин шундай бўлса ҳам тўйларда бошловчилик билан қизиқишларимни қондиряпман.

— Ва албатта, бу қўшимча даромад манбаи ҳам...

— Бу муҳим жиҳатни рад этиш фикридан йироқман. Юз фоиз ҳақсиз. Халқимиз “Қора қозонни қайнатиш керак” деган гапни бекорга айтмаган-ку (кулади).

— Ижодкор инсон ақлдан кўра кўпроқ кўнгил билан иш тутади. Сизда-чи, кўпроқ қай бири устунлик келади?

— Қайсидир даражада кўнгил амри билан иш тутамиз. Шундай бўлса ҳам ҳамма масъулиятни кўнгилга тўнкаш нотўғри. Вақти келганда ҳар бир инсонга совуққонлик, қаътиятлилик керак бўлади. Шахсий тажрибамдан айтадиган бўлсам, кўнгилга қулоқ солиб хато босилган қадамдан афсусланиш ҳисси камроқ бўлади.


— “Қўлингдан келмайдими?” дея қилинган даъватлар баъзи ёшларни ёмон иллат ва одатларга боғлаб қўяётганини кузатиш ачинарли...

Мавриди келганда ёшларимиз орасида кузатаётган яна бир муаммо ҳақида гапирмоқчиман. Бугун интернет билан боғланиб китобни дўст билмаганлар, афсуски жуда кўп. Назаримда бола кичкиналигидан китоб ўқишни ўзига одат қилса, ундан ҳеч қачон ёмон инсон чиқмайди. Чунки асарлардаги, яхши-ёмон қаҳрамонларни таниш, улар ҳақида ўйлаш, эрта катта ҳаётда у кабиларни учратганда қандай йўл тутишни ўргатади. Бу эса ўз-ўзидан йўлдан адашиш ҳолатларини камайтиради, деб ҳисоблайман.

— Сўнгги вақтларда ўзингиз англаб етган ҳақиқатларингиз ҳақида гапириб беринг...

— Ҳаётимда кичкина қадамлар билан яшашни яхши кўраман. Бу — шошмаслик, борига шукр қилиш, вазиятни тўғри, борича қабул қила олиш, баъзи муаммоларни фақат вақт ҳал қилиши мумкинлигини англаб етишдир. Ва ишончим комилки кичкина қадамлар билан ҳаётни яшаб ўтишнинг завқи ҳам ўзгача...

Маълумот учун

  • Ёшларни китобга қизиқтириш учун авваламбор уларнинг характеридан келиб чиқиш асар танлаш керак. Боланинг айни вақтдаги муаммоси, ўй-кечинмаларидан келиб чиқиб унга мос асар тавсия этилса у воқеаларда ўзини кўра олса, у албатта, мутолага қизиқиб қолади.
  • Акбархўжа Расулов “Чархпалак” миллий телесериали орқали илк маротаба ижодга қадам қўйган.

Алия Сулайманова суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар