АсосийShou-biznes

ИЛҲОМЛАНИШ ВА КЎЧИРМАКАШЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДА?

'ИЛҲОМЛАНИШ ВА КЎЧИРМАКАШЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДА?'ning rasmi

Асли шундоқ ҳам жар ёқасига келиб қолган эстрада йўналиши – шоу-бизнесни “плагиатлик” тушунчасидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Нафақат айрим хонандалар балки аксарият клипмейкерлар ҳам ижодий ғоялар инқирози даврини бошдан кечиряпти, чоғи. Йўқса, улар хорижлик ҳамкасбларининг тайёр маҳсулотидан илҳомланмаган бўлишарди. Тўғри-да, “илҳомланиш” дўппини ерга қўйиб, ойлаб муаллифлик, оригинал ижодий маҳсулот ҳақида бош қотириб, керак бўлса тунларни тонгга улашдан осонроқ-да. Англаганингиздек, "Даракчи" газетаси “илҳомланиш”ни яхши кўрувчи, ижодий “тарихи”ни кўчирмакашликлар билан ҳам тўлдираётган клипмейкерларнинг “меҳнати”га назар солди...

ЭД ШИРАННИНГ КЛИПИ МУНИСА БОПМИ?

Мусиқа таълимини хорижда олиб қайтган, профессионал хонанда Муниса Ризаева ўзига хос услуби билан ҳамкасбларидан ажралиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Бироқ сўнгги вақтларда қўшиқларига ишланган клиплар билан ҳам кўпчилик ҳамкасбларидан ажралиб қоляпти. Хонанданинг таъбири билан айтганда оилалардаги ажралишлар, тушунмовчиликлар мавзусини “Хафа-хафа” қўшиғида акс эттирилган. Бироқ қўшиқ аёвсиз танқидларга учради. Клипи эса Алексей Воробьевнинг “Сумасшедшая” клипидан олинган, деган тамға ҳам қўйилди. Муниса газетамизга берган интервьюсида бу саволларга жавоб берганди.




Буни қарангки, Эд Ширан (Ed Sheeran)нинг “How Would You Feel” қўшиғига ишланган клипи Муниса боп бўлиб турибди-да. Хонанданинг “Ман боп” қўшиғига ишланган клип режиссёри ва бош роль ижрочиси Наримон Султонхўжаев газетамизга берган интервьюсида ғоялари бисёрлигини айтганди, бу ёғи энди қан­доқ бўл­ди?!


РАШИД ХОЛИҚОВ: “ИДА ГАЛИЧ “ГАПИР-ГАПИР”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқовнинг “Гапир-гапир” қўшиғи ва унга клипмейкер Ёдгор Носиров томонидан ишланган клип яхшигина оммалашди. Клипда хусусий фильмлар орқали танилган Ситора Алимжонованинг “нутқи” ёдингиздами? Бу аслида машҳур видеоблогер Ида Галичга тегишли.



Фарқи шундаки, Иданинг бошига “бутилка” билан уришади, Ситоранинг юзини торт билан “сийлашади”.


ШОҲРУХХОН ва ШАҲЗОДА “АЛЛО”

Ушбу рўй­хатни “Эъти­роф-2017” тақ­дирлаш маросимининг сов­риндорлари Шаҳзода ва Шоҳруххон “Алло” қў­ши­ғига ишланган клип билан давом эттиради.


Клип режиссёри Ёдгор Носиров бирор фильм ё хорижий клипдан эмас, балки “Leibniz Butterkek” печенье­сининг рекламасидан “илҳомланган”.

P/S: Ўринли танқид келажак меваси! Шундай экан, режисёрларимизга кўзгу тутдик, холос. Хонандаларимиз ҳам ҳушёр бўлиб, сарфлаётган пули эвазига оригинал меҳнат маҳсулини талаб қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Унутманг, дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб...

    Бошқа янгиликлар