Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 сентябр куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини илгари суриш ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режалари (“Йўл харитаси”) доирасида Омбудсман қийноқларни олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни шакллантиришга киришди, деб ёзади Ўзбeкистон Рeспубликаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман) расмий сайти.
Мазкур механизм қуйидагиларни назарда тутади:
- Жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махсус қабулхоналарда қонунчилик билан кафолатланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланганлигини ўрганиш бўйича мониторинг ишларини ташкиллаштириш;
- Ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг қийноқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларининг махсус тартиби;
- Омбудсманнинг ушбу йўналиш бўйича парламент назоратининг бошқа субектлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ҳамкорлиги, шунингдек бошқа чора-тадбирлар.
Омбудсман мазкур соҳада мавжуд тажрибани умумлаштириш, хорижий мамлакатлар амалиётини кенг ва ҳар томонлама ўрганишни ҳам режалаштирган.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик базаси орқали Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларда қатнашиши учун зарур ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурига мувофиқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Омбудсман томонидан маҳбуслар мурожаатларини кўриб чиқилишига багъишланган алоҳида моддага эга. Унга кўра, ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар Омбудсманга ёзма (хат ва телеграммалар) шаклда чекланмаган миқдорда мурожаат йўллаши мумкин.
Жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махсус қабулхоналар Омбудсманга ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар мурожаатларини муҳрланган ҳолатда 24 соатдан кечиктирмасдан жўнатади. Телеграммалар шу заҳотиёқ жўнатилиши белгиланган. Омбудсман жавоби жазони ўташ муассасалари томонидан кўрилишига йўл қўйилмайди ва олинган заҳоти мурожаат эгасига топширилади.
Омбудсман мурожаатларни ўрганиб чиқиш давомида жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махсус қабулхоналарга ҳеч қандай тўсиқларсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасалар маъмурияти Омбудсман хавфсзилигини таъминлайди.
Жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махсус қабулхоналар Омбудсманга маҳбуслар билан шахсий қабул ва учрашувларни амалга ошириш учун барча зарур шарт –шароитларни яратиб беришга мажбур. Муассаса ходимлари учрашув ва қабул жараёнини кўриши мумкин, аммо эшитиши таъқиқланади.
Умуман олганда, қийноқларни олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг шакллантирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан оператив-қидирув фаолиятини ва жазони ўташга оид вазифаларни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши ҳолатларини олдини олишга, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан мувофиқлаштиришга хизмат қилади.






