АсосийDunyo

Хитойлик режиссёр “ортиқча” болалар учун пул тўлайди

Хитойлик режиссёр Чжан Имоу битта оилада болалар сонини чеклаш тўғрисидаги қонунни бузганини тан олди.

Бу ҳақда у ўз компаниясининг блогида чоп этилган очиқ хатда маълум қилади.

Чжан Имоунинг сўзларига кўра, унинг рафиқаси билан учта фарзанди бор – иккита ўғил ва бир
қиз, дея хабар беради “BBC News”. Режиссёр “Битта оила – битта фарзанд” сиёсатини бузганлиги учун мамлакат ҳукуматидан узр сўради ва жорий этилган жаримани тўлашга ваъда берди.
Шунингдек, Имоу унда етти ёки саккизта фарзанд борлиги ҳақидаги маълумотларни чоп этган ОАВ билан судлашишини ҳам билдиради. Матбуотда ёзилишича, гўёки унинг тўртта турли
аёлдан фарзандлари бор.

2013 йил май ойида Хитой ҳукумати Чжан Имоуни фарзандлар сонини чеклаш тўғрисидаги қонунни бузганликда гумон қилиб, текшириш ишларини бошлаган эди. Ўшанда етти нафар бола учун жарима миқдори, унинг даромадидан келиб чиққан ҳолда, қарийб 160 миллион юанни (тахминан 26 миллион доллар) ташкил этиши мумкинлиги маълум қилинганди.
Қайд этиб ўтамиз, Чжан Имоу Ғарбда таниқли бўлган хитойлик кинорежиссёрлардан бири ҳисобланади. У “Учар ханжарлар уйи”, “Уйга йўл”, “Қаҳрамон” ва бошқа фильмларни суратга олган. Унинг картиналари Берлин ва Венеция кинофестивалларининг мукофотига сазовор
бўлган, шунингдек, бир неча бор “Оскар” мукофотига ҳам даъвогарлик қилган.

Шу ўринда, Хитойда аҳоли ўсишининг олдини олиш мақсадида 1970-йиллар охирида жорий этилган “битта оила – битта фарзанд” сиёсати ҳамон амалда эканини қайд этиш жоиз. Ҳозир ушбу чеклов фуқароларнинг 63% га тааллуқлидир. Қолганлар эса турли имтиёзлардан фойдаланмоқда. Яқинда мамлакат ҳукумати ота-онасидан кимдир оилада ёлғиз фарзанд бўлган эр-хотинларга иккита фарзандли бўлишга рухсат берилиши ҳақида эълон қилди.  

    Бошқа янгиликлар