“Истеъдодли актёр — саҳнанинг ягона шоҳи ва ҳукмдори”, деганди театр режиссёри, актёр, педагог Константин Станиславский. "Даракчи" газетасининг "Кеча ва бугун" лойиҳасининг қаҳрамони айнан шундай таърифга муносиб, Ўзбекистон халқ артисти Афзал РАФИҚОВ. Актёр ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...
"Тарбиям ота-онамга анчайин мураккаблик туғдирган"
— Болалигимни мактаб вақтларидан бошлаб, яхши хотирлайман. Кўз олдимда қолган манзараларни эса қайси вақт эканини қариндошларимдан сўраб билганман. Ҳатто, бир ярим ёшлигимдаги айрим дамларгача эслар эканман. Отам давлат хизматидаги одам эди, онам уй бекаси бўлган. Оилада икки ўғил, икки қизнинг тўнғичиман. Тарбиям ота-онамга анчайин мураккаблик туғдирган, чунки касалманд бўлганман. Онам мени катта қилгунча жуда кўп қийинчилик кўрган. Овқат еёлмаганим боис “Ўғлим тухумни яхши кўради”, деб ука, сингилларимдан бекитиб тухум пишириб берарди. Онам мени ошхонага олиб кирарди-да, “Сен егунингча, мен эшикнинг тагида қўриқчилик қилиб тураман”, дерди (кулади). Лекин укам билиб қолиб, “Бу ўғлингизга тухум берасиз, менга-чи?” деб хархаша қиларди. Шу тариқа ниҳоятда эркаликда вояга етганман, лекин талтайиб кетганман, деёлмайман. Тўнғич фарзанд бўлганим учун ўзига яраша масъулият, вазифаларим борлигини ҳис қилардим. Ёшлик инсон хотирасида ниҳоятда ёрқин, гўзал манзаралар билан сақланиб қолади. Нохуш воқеалар эса вақт ўтиши билан секин-аста хотира “дафтари”дан ўчиб кетавераркан...
"Мен отарчи эмасман!"
— 1-2-синфларни Бекобод шаҳридаги рус мактабида ўқиганман. 1957 йили отамни қайта Тошкентга ишга ўтказишганида 34-мактабнинг рус синфида ўқишни давом эттирганман. У мактаб ҳозир ҳам ишлаяпти. Тенгдошларим орасида аълочи эдим. Математика, физика, география, тарих, адабиёт, она тили фанлари жону дилим эди. Рус тилидан доим иккинчи ўринни беришарди. Сабабини сўрасам, “Қандай қилиб ўзбек йигити рус тилини беш баҳога билиши мумкин?”, дейишарди.
5-синфда ўқиб юрган кезларим рубоб чалишга иштиёқманд бўлганман. Шунда отам қизиқишимга бефарқ бўлмай, орзуимни амалга оширган. Мусиқа мактабидаги устозларим қобилиятимни эътироф этиб, “Ўзбекистон Давлат консерваториясига ҳужжат топшир”, дейишганди. Лекин санъат билан мулоқотим мусиқа мактабини битиришим билан тугаган. 8-синфни тамомлаб, уйдагиларнинг танлови билан авиация техникумига самолётсозлик мутахассислиги бўйича 4 йил таълим олганман. Отам “Бир касбни бошини тутса, ишласа мустақил бўлади”, деган фикрда эди. Сўнг мутахассислигим бўйича заводда ишладим.
Авиация техникумини тамомлаш арафасида газетадаги аввалги “Тошкент театр ва рассомлик санъати иститутига ўқишга кирмоқчи бўлганларнинг ҳужжатларини қабул қиламиз”, деб ёзилган эълонга кўзим тушган. У ерда йўналишлар ҳам ёзилганди, шунда кино ва драма актёри йўналиши эътиборимни тортган. Ўша кунгача актёр бўлиб туғилиш керак, деб ўйлардим-да. Ва актёрликка ўқиса бўлар экан, дея аввалги фикрим ўзгарган. Шунда “Актёр бўламан!” дея олдимга катта мақсад қўйганман. Лекин икки йил ҳужжат топшириб, тарих фанига келганда имтиҳондан ўтолмаганман. Биринчи йили институтга бориб, абитуриентларнинг қўшиқ куйлаб юрганини кўриб, эплолмайман, дея қочиб кетгандим. Бунга тортинчоқлигим сабаб бўлса керак. Иккинчи йили ўзимнинг ножўя хатти-ҳаракатим оёғимга болта бўлган. Аниқроғи, ҳайъат раиси — институт ректори “Қўшиқ куйлаб беринг”, деганида беихтиёр “Мен отарчи эмасман!”, деб юборганман. Ректорнинг жаҳли чиқиб, имтиҳондан чиқариб юборган. Ўшанда маҳмадоналигим тутган бўлса керак-да (кулади). Лекин асосий фанларни аъло баҳога топширгандим, бироқ тарих фанидан ўтолмаганман. Учинчи йили тарих фани домласи “Ўтган йили шу фанни топширолмаганди, бу йил тайёрланиб келибди”, дея мақтаб, 4 баҳо қўйиб берган. Кундузги ўқишга 1 балл етмай қолган, лекин сиртқи бўлимга қабул қилинганман. Ўзбекистон халқ артистлари Олмахон Ҳайитова, Санъат Девонов курсдошларим эди. Сиртқи бўлимда ўқиб маҳоратли актёр бўлолмайман-ку, деб театрга ишга кириш ҳақида ўйлаганман. Шунда отам аввалги Ҳамза театрининг директори Искандар Мусабековнинг олдига олиб бориб, “Ўғлим актёр бўлиш учун ҳаракат қиляпти. Бироқ институтнинг сиртқи бўлимига қабул қилишди. “Театрни ичида бўлмасам, бу касбни тўлақонли эгаллолмайман”, деяпти”, деган. Шу тариқа театрга саҳна ишчиси сифатида ишга қабул қилинганман. Ишга бўлган муносабатимни кўришгач, режиссёр ёрдамчиси вазифасига ўтказишган. 1974 йили институтни тамомлаганимда ҳам актёр сифатида ишга олишмаган. Шу йили режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг “Қароқчилар” номли спектаклида ўйнаган ролим сабаб, “Театрда истеъдодли актёр пайдо бўляпти”, деб актёр сифатида ишга қабул қилишган. Илк катта ишим — Брест қалъасининг сўнгги посбони ҳақидаги “Рўйхатларда йўқ” номли спектаклдаги бош қаҳрамон лейтенант Николай Плужников роли эди. Мана шу ролимдан сўнг ҳеч кимда актёр эканимга шубҳа қолмаганди. Кетма-кет қизиқарли ролларнинг кети узилмади. Ҳатто труппа бошлиғи этиб ҳам тайинлашди. 1987 йилгача самарали ижод қилдик.
"Театрда юқумли "касаллик"” тарқалганди"
— Театр бу — жонли организм. Демакки, унинг касалланиши табиий. Театрда юқумли “касаллик” тарқалганди. Баъзи ўрта ёш актёрлар “Исталган ролни ўйнаш қўлимдан келади”, деган манманликка берилиб, иззатталаб бўлиб қолганди. Боиси ижодида силжиш бўлмаган ва айбдор излашга келганда бош режиссёр нишонга тушган. Қисқаси, истеъдодини барча тан олган режиссёр Баҳодир Йўлдошев ҳақиқий ижодий муҳитни излаб, 1984 йили ҳозирги Ўзбек Давлат драма театрига ишга ўтди. Актёр режиссёрга ишонмаса ишлагиси келмайди. Шу нуқтаи назардан театрдаги 50 та актёрдан 25 таси Ўзбек Давлат драма театрига ишга ўтган. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Машҳур “Келинлар қўзғолони”нинг телевидениега ёзиб қолинган нусхаси ҳам ўша театрда ўйналган. Бу театрда ҳам ёмон ижод қилмадик. Бироқ режиссёр Баҳодир Йўлдошев 2000 йили театрдан кетгач, 10 йилдан кейин Ўзбекистон академик рус драма театрига бориб, шартнома асосида роль ўйнаб юрардим. Очиғи, Баҳодир Йўлдошев устозим, ижодни бошлаганимдан бери бирга ишлаганмиз. 9 та ўз ишининг устаси бўлган актёрни саҳнага чиқариб қўйинг, режиссёрсиз ҳеч нима қилолмайди. Бежиз, бош режиссёр, дейилмайди, актёрларни қовуштирадиган шу ижодкор! Афсуски, ҳозир кўпгина театрларимизда бош режиссёр йўқ. Истеъдодли режиссёрлар камёб бўлиб қолди. Драматурглар-ку азалдан танқис эди. Шунинг учун ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрини “Лаборатория”, дейишарди. Чунки асарлар саҳнада пишарди. “Келинлар қўзғолони”нинг асарини олиб ўқисангиз, спектаклдаги талқин билан мутлақо бошқа. Театр — жамоавий ижод. Узоқ йиллар Баҳодир Йўлдошевнинг ёнида юрганимга қарамай, режиссёрлик жуда ноёб, мураккаб касб бўлгани боис сира режиссёрликка қўл урмадим. Актёрликни ўрганиш мумкин, лекин режиссёрликнинг бошини тутиш учун Аллоҳдан юқтирилган бўлиши керак. Асарларни зўр таҳлил қиладиган, бироқ саҳнадаги актёрларни жой-жойига қўйишга келганида нўноқлик қилган қанча-қанча режиссёрларни кўрдим. Ижодий муҳитни яратиш бу режиссёрнинг вазифаси, бусиз спектакль ўхшамайди. Шу боис бошқа режиссёрга ишонолмайман. Қолаверса, Баҳодир Йўлдошев кетгач, куним фақат тадбирларда қатнашишга қолиб кетганди.
2014 йили Ўзбекистон академик рус драма театрига ишга ўтганман. Бу мен учун янги қиррани очишдек гап эди. Боиси спектакллар рус тилида ўйналади. Ҳали анча йиллар янги роллар билан томошабинларни хушнуд этиш ниятим бор.
"Кинодаги бирорта ишим ўзимга ёқмайди"
— Кинодаги фаолиятимни оммавий саҳналарда иштирок этишдан бошлаганман. Режиссёр Зулфиқор Мусоқов “Яратганга шукр” фильмига шифокор ролини ижро этишга таклиф қилган, бу илк ролим эди. Сўнг режиссёр Ҳабибулла Файзиевнинг “Алпомиш”ида Бойбўрини ижро этдим. Сўнгги ўйнаган салмоқли ролим бу — режиссёр Равил Ботировнинг “Жаннат қайдадур?” фильмидаги домла. Очиғини айтаман, кинодаги бирорта ишим ўзимга ёқмайди. Кинодаги ҳал қилувчи омил бу — чеҳра. Мен эса ундай чеҳра соҳиби эмасман. Балки бу имкониятларимни реал баҳолашдир. Актёр сифатидаги ҳам бахтим, ҳам фожиам — томошабин мени ўйнаган ролларим учун эмас, балки овозимни ҳурмат қилади, шу орқали яхши кўради. Йиллар ўтиб, Афзал Рафиқовни овози орқали эслашса керак, деган ўйга толаман. Ҳар бир актёрни битта шоҳона роли бўлади. Мени эса бундай шоҳ ролим йўқ, унинг ўрнини овозим босиб кетган. Лекин бу мен учун катта фожиа эмас.
"Ҳозирги ҳинд фильмларига овоз бергим келмайди"
— 1968 йили Киностудиянинг дубляж қилинадиган хонасида киномеханик бўлиб ишлаганман. Овозлаштириш учун тасмани қўйиб берардим, ўз даврининг етук ижодкорлари Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Тўлқин Тожиев, Ёқуб Аҳмедов ролларга овоз беришарди. Ўшанда шу соҳага ишқим тушган. Кунларнинг бирида ярим тунда “Майор Вихрь”(“Майор Бўрон”) номли фильмни устоз санъаткор Ҳамза Умаров дубляж қилаётганди. Кутилмаганда лейтенант роли чиқиб қолди. Ярим тунда актёр топиб бўлмайди. Режиссёр Эсон ака “Менга қара, ўзбекча гапира оласанми? Тасвирга қараб, “Хўп бўлади, жаноб полковник”, десанг бўлди”, деб қолди. Битта уринишда ўхшатдим. Шунда Ҳамза ака “Ёмонсан-ку, биттада ўхшатдинг”, деб мушкулини осон қилганимдан севинганди. Театрда ишлаб юрганимда устозларга “Мени ҳам дубляжга олиб боринглар”, деганман. Ва уларнинг кўмаги билан шу соҳани ҳам эгалладим. Сира “Овозим зўр”, деган хаёлга бормаган эканман. Аслида биринчи бўлиб овозимни пайқаган Ўзбекистон халқ артисти Ойдин Норбоева бўлган. “Кўк эшик ортидаги аёл” спектаклида эшик ортида хотинини урадиган эркакнинг сўзларини менга айттиришарди. Шунда Ойдин опа “Афзал, овозинг жуда жозибадор!” деганди.
Аввалги соф дубляжда экрандаги қаҳрамонга қолипдек тушадиган овоз қидириларди. 1990 йили бу дубляж инқирозга учради ва бу соҳа телевидениега кўчди. Ўшанда Ойбарчин Бакирова, Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова ва мени дубляжга таклиф қилишган. Ва тўрт киши “Махабхорат” номли ҳинд сериалига овоз бергандик. “Телевидениедаги дубляжда ишлайман”, деганларга “Соҳир овоз соҳиби Баҳодир Муҳаммедов ўшанда дубляжга нега тўрт кишини танлаб олган?” деган саволнинг жавобини топсанглар ишлайверинглар, дейман. Жавобини ҳеч ким тополмади. Бу саволнинг жавоби жуда оддий, телевидение дубляжи дубляж эмас! Бу кадр ортидан синхрон таржима, у ерда актёрнинг олдида турадиган вазифа мутлақо бошқа. Шунинг учун битта фильмдаги барча эркак ё аёл қаҳрамонларга овози тушадиган, томошабиннинг жиғига тегмайдиган, “нейтрал”, универсал махсус овоз керак. Юқорида саналган 4 та актёрнинг овози шундай эди. Ишонсангиз, машҳур “Морена Клара” сериалига Дилбар Исмоилова иккаламизгина овоз берганмиз. Бу сериал томошабинга манзур келган. Дубляжда фаол ишлай олиш учун албатта актёр бўлиш шарт! Ролдан-ролга ўтишда малакасиз иш битмайди.
Рости, ҳозирги ҳинд фильмларини кўролмайман, уларга овоз бергим ҳам келмайди, мазмунан саёз-да. Очиғи, уларни овозлаштиришга маблағ зарурлиги мажбур қилади...
"Мухлисларнинг бу қизиқишини очиқ қолдираман..."
— Актёрнинг шахсий ҳаёти томошабин учун сир бўлиши керак. Бу актёр сифатидаги обрўмни таъминлайди. Чунки мухлис доим шахсий ҳудудга қизиқади-да, бу талабни очиқ қолдириш лозим (кулади).
Лекин умумий тарзда айта оладиганим, 1970 йили ота-онамнинг танлови билан узоқ қариндошимга уйланганман. Шукр, Шоҳида билан мазмунли ҳаёт кечирдик. Уч ўғил: Аҳрор, Сардор, Сарварнинг ота-онасимиз, учовини оилали қилдик, ҳозирда 10 набиранинг бува-бувисимиз. Фарзандларим менинг йўлимни танлашмади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ