Атрофдагиларга эътиборли, хушчақчақ, ҳамиша юзидан табассум аримайдиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Узоқовани беташвиш инсон, деб ўйларсиз. "Даракчи" газетасининг "Кеча ва бугун" лойиҳаси меҳмони - актриса Шоҳида Узоқова ортга назар ташлаб, ёдга олган ҳаёт йўлини ўқиб, Шоҳида Узоқовани қайта кашф этсангиз ажабмас...
"ЎЗБЕК ТИЛИНИ ТОҒАМНИНГ ҚИЗИ ЎРГАТГАН"
— Туғилишим шифокорларни ҳайратга солган экан. Чунки 21 апрелдан 22 апрелга ўтар кечаси соат 00.00га бонг урганда Чирчиқ шаҳрида дунёга келган эканман.
Отам Чирчиқ кимё саноати заводида муҳандис бўлиб ишлаганлар, онам уй бекаси эди. Оилада 14 та фарзанддан 8 нафар: 5 қиз, 3 ўғил ҳаёт қолганмиз. Тўнғич фарзанд бўлишимга қарамай, жуда эркатой эдим. Тилаб олинган фарзанд бўлганим учун отам қучоғига олиб, қўшиқлар куйлаб берардилар. Шу тариқа ўзлари билмаган ҳолда санъатга ошуфта қилиб қўйганлар. Болалигимда радиодаги “Театр микрофон олдида” деган эшиттиришни жон қулоғим билан тинглардим. Кунларнинг бирида отам “Майсаранинг иши” мусиқали спектакли ёзилган пластинка олиб келганлар.
Майсара — Ҳалима Носирова, Ойхон — Саодат Қобулова, Мулла Рўзи — Карим Зокировга қўшилиб, ролга кириб куйлардим. Отам пластилин олиб келганларида ҳам театр ҳақида тасаввурим бўлмай туриб, беихтиёр театр саҳнаси ва актёрларни ясаганман. Рус маҳаллада яшаганимиз учун ўзбек тилини мутлақо билмасдим. Хумсон қишлоғига кўчиб борганимизда, у ер ҳақиқий мўъжизадек туюлган. Тоғамнинг қизи бошимга ёғоч чўмич билан уриб-уриб ўзбек тилини ўргатган (кулади).
"ҲУНАР"ЛАРИМ КЎП ЭДИ"
— Хумсон қишлоғидаги 19-ўрта мактабда 10 йил таҳсил олганман. Мактабда лақабим “қўғирчоқ” эди. Асли болалигимдан киприкларим узун, қайрилма бўлгани учун “қўғирчоқ” дейишаркан. Отам сингари ҳуснихатим чиройли бўлгани, аъло баҳога ўқиганим боис дафтарларим кўргазмада, расмим аълочилар тахтасида турарди. Ёдимда, мактабдаги бадиий тўгаракка қатнаб, 10 йил Раъно Шарипова, Муҳаббат Шамаева, Гулшода Отабоеванинг ва ҳинд фильмларидаги барча қўшиқларни куйлаганман. Атрофдагилар “Шоҳида артист бўлади”, деяверишарди. Лекин мен шифокор бўлишни орзу қилардим. Бир гал курагимга укол қилишгандан кейин, “ҳуқуқшунос ё журналист бўламан”, дейишга тушганман (кулади). Ишонасизми, “Ёр-ёр” фильмини 100 марта кўрганман.
Шунга қарамай, кўча эшик тагига туриб олиб, онамга “Ёр-ёр"га пул беринг”, деб хархаша қилардим. Бир куни “ҳунар”им ўтмай, пул ўрнига ўқлов билан калтак еганман. Аълочи бўлсам-да, хулқим ёмон эди: отни эгарсиз минардим, эшакни тикка туриб ҳайдардим, иккинчи қаватдаги синфхонадан сакрардим... Қисқаси яхшигина шўхлигим учун онам “куйдирги”, дердилар. Кейинчалик эса энг севимли фарзандига айланганман.
"ОТАМ МЕН БИЛАН ГАПЛАШМАГАН"
— Кунларнинг бирида автобусда кетаётсам, бир киши “Сизни телестудияда кўришдан хурсанд бўламиз”, деб манзил ёзилган қоғозча берган. Отамга кўрсатсам, “Санъаткор бўлмайсан!” деб қатъий оҳангда гапирган. Мактабни тамомлаганимдан сўнг, мени кимёгар қилиш мақсадида ўша пайтдаги Чирчиқ политехника техникумига олиб борган.
Имтиҳонда саволларга ата нотўғри жавоб бериб чиққанман. Отам “Бўлиши мумкин эмас, кимёни зўр биласан-ку!” деб уришган. Сўнг отамнинг хоҳиши билан Чирчиқ кооператив техникумининг рус гуруҳига ҳужжат топширганман. У ерда ҳам аъло баҳоларга ўқидим. Лекин актриса бўлиш фикри хаёлимни бир зум тарк этмасди. Аввалги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини топиб борсам, имтиҳонлар тугаган экан. Кейин отамга “Пойтахтда, амакимникида қолай”, десам рад этмадилар. Кейин амаким ишлайдиган кабель заводига лаборант бўлиб ишга кирдим. Кранчиларнинг ойлиги баландлигига қизиқиб, амакимга билдирмай, шу ишга ўтиб олдим.
Меҳнат дафтарчамга “Кранчи”, деб ёзилган (кулади). Бир йилдан сўнг яна Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига бориб, ҳужжат топширдим. Имтиҳонга бир кун қолганда, кўчада кетаётганимда қорнимда оғриқ турган. “Тез ёрдам”да шифохонага олиб боришганида, кўричак бўлганим ва дарҳол операция қилиш кераклигини айтишган. “Илтимос, операция қилманглар, имтиҳонларимни топшириб олай, қайтиб келаман”, деб зорланганим ёдимда (кулади). Шунда шифокор "Артист экансан-ку", деганди. Лекин ёрилиб кетай, деб турган кўричакни операция қилишган. Табиийки, у йили ҳам орзуим амалга ошмаган. Сўнг отам қишлоққа олиб кетди. Турмушга бермоқчи бўлишди, “Ўзимни ўлдираман”, дея бу ниятларидан қайтариб қолганман. Совчиларни супурги билан ҳайдардим.
Орадан тўрт йил ўтиб, газетада Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга қабул қилишаётгани ҳақида эълонга кўзим тушди. Қалбимдаги ният яна алангаланди ва отамни “Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга кирмоқчиман”, дея алдаб, Тошкентга йўл олдим. Тўғри Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ҳужжат топширгани бордим. Декан бир менга, бир меҳнат дафтарчамдаги “Кранчи”, деган ёзувга қарарди (мириқиб кулади). Замонавий қиз эдим-да, шунга ишонқирамаган. Қисқаси, талабага айландим, отам билиб қолиб ранжиган ва уч йил мен билан гаплашмай юрган. Марк Вайлнинг “Илҳом” экспериментал студиясига қатнашардим. Спектаклларимиз билан гастролларда юрганмиз. Ўшанда отамга “Маҳоратли актриса бўламан, турмушга ҳам чиқаман, ҳаммасини эплайман”, деб сўз бергандим. Шукр, сўзимнинг устидан чиқдим.
"БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ БИЛАН ИШЛАШ НАСИБ ҚИЛДИ"
— Бутун умр режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг қўлида ишлашни орзу қилганман. Шу боис институтни тамомлагач, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга олишларини сўраб бормоқчи эдим. Бироқ курс раҳбари, режиссёр Баҳодир Назаровнинг ваъдаларига ишониб, курсимиз билан Жиззах вилоят театрига ишга борганмиз. Олти ойдан сўнг оёғим синган. Бу вақт оралиғида курсдошларим қочиб кетиб,
4 кишигина қолгандик. Пойтахт театрларига ишга олишлари учун Жиззах вилоят театрида камида икки йил ишлаган бўлишим керак эди, шу боис сабр қилганман. 2 ой гипсда ва яна 2 ой қўлтиқтаёқда юрганман. Бир йил давомида ўзига яраша роллар ўйнадим. Сўнг пойтахтга қайтиб,
1987 йили ҳозирги Ўзбек Давлат драма театрига ишга кирганман. Бу ерда Баҳодир Йўлдошевнинг қўлида актриса сифатида шаклландим. Орзу қилган ролларимни ўйнадим, 28 йил самарали ишладим. Театрдан кетишимга директор вазиятимни тушунмагани сабаб бўлган. Жигар ва бронхим хасталангани боис даволанаётгандим.
Директор “Хоразмга гастролга борасиз”, деб қолди. Хасталигимни айтсам, тушунмади, қисқаси аризамни ёзиб кетдим. Бошқа театрлардан таклиф бўлганида рад этдим. Чунки театрдан театрга сакраб юриш учун бу маскандан кетмагандим. Насиб бўлса, албатта, ўзимнинг жонажон театримга қайтаман!
"АЛИШЕР БИЛАН САНЪАТ ҲАҚИДА ГАПЛАШМАЙМИЗ"
— Узоқ вақт оила қуришни ортга сурганимга сабаб, бўлажак куёвлар “ишламайсиз!” деган шарт қўйишарди. Жиззах вилоят театрида ишлаб юрган кезларим актёр Муҳаммаджон Узоқов билан танишиб қолганмиз. “Театрда ишлатармидингиз?” деган саволимга берилган бир оғиз жавоб ҳаётимни ҳал қилган. Ва бир ойда тўйимиз бўлган, бахтли ҳаёт кечирдик. Алишерни уйлантираётганимизда ёнимда тоғдек бўлиб туришларини ният қилгандим, лекин... Ўғлимизнинг муваффақиятлари, набираларини кўрсалар бўларди...
Алишерни актёр бўлишини истамаганман, дипломат қилмоқчи эдим. Ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирганида ҳам “Ўзингни аравангни ўзинг торт!” деганман. Алишер билан битта фильмда суратга тушмасликка ҳам келишганмиз. Ва ўғлим билан сира санъат ҳақида гаплашмаймиз. Ҳозир она сифатида актёр бўлганидан фахрланаман. Актрисалик кўзи билан қарасам, бундай деёлмайман, чунки ҳали қилиши керак бўлган ишлари кўп.
"КИНОГА КЕЧ КИРГАНИМДАН АФСУСЛАНМАЙМАН"
— Кинога 1996 йил "Яна ўша Насриддин" фильми орқали кирганман. Унга қадар томошабинлар мени “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатуви орқали танишарди. Сўнг “Домла” сериалига таклиф қилишди. Кутилмаганда “Сизни ролингизни ўзгартиришди. Бош қаҳрамон ролига муносиб эмас экансиз”, дейишди. Шу пайт режиссёр Маҳкам Муҳамедов “Кўнгил кўчалари” сериалига чақириб қолди, бажонидил рози бўлдим. Ва “Домла”нинг ижодкорлари ҳали афсусланишади, деган мақсадда бор кучимни бериб ишлаганман.
Натижада айнан шу роль мени халққа танитди. Кинога кеч кирганимдан афсусланмайман, фақат ёшларни кўриб, “Мен қандай ўйнаган бўлардим?” деган савол айланаверади. Талабалик давримда катта-катта лойиҳаларга тасдиқланганман, лекин домлалар рухсат беришмаган. Яна бир армоним “Аршин мол алан” спектаклида Гулчеҳра ролини беришганида, баъзи сабабларга кўра ўйнамаганман. Бу роль Саида Раметовага насиб қилган. Шу хатомни ҳалигача кечиролмайман. Лекин ортга назар ташлаб, сарҳисоб қилсам, бахтли инсон эканимни тушунаман!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ