1

Сардор Раҳимхон бўлсанг ўзингга!

ШОУ-БИЗНЕС 17.02.2014, 14:11
Сардор Раҳимхон бўлсанг ўзингга!
“2009 йилги концертим якунида сизлар билан хайрлаша туриб, “келаси йилги концертда кўришгунча!” дегандим. Ким билибди дейсиз, келаси йил ҳам, ундан кейинги йил ҳам концерт бериш насиб этмаслигини... Бошимга тушган синовлар ва тўрт йиллик танаффусдан сўнг мухлисларим билан дийдор кўришиш бахтига эришдим. Етказганига шукр!” дея қалбдан сўзлаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор РАҲИМХОН дастур давомида куйланажак қўшиқларнинг бари унинг ҳаётидан олинганлигини таъкидлаб ўтди... 

Бачканаликдан ҳоли...


Парда очилиши билан томошабинлар чеҳрасини ёришишига сабаб бўлган илк омил бу — тўртта экранни ўзида қамраган, ўзига хос тарзда дид билан ишланган декорация бўлди. Саҳна марказидаги қават-қават айланалар ичида қад ростлаган “S” ҳарфи концерт сўнгигача мухлислар диққат марказида бўлди. Боиси залдагиларда дастур сўнгида айланалар ва “S” ҳарфи чироқлар ёрдамида ёритилиб, ўзгача кўриниш касб этса керак, деган фикр бор эди. Балки режиссёр ортиқча безакдан кўра, дастурнинг кўнгилдагидек саҳналаштирилишига урғу беришни афзал билгандир.      
 
Йиқилгудек бўлса борми?..

“Устозимиз Озодбек Назарбеков изидан бориб, мен ҳам қорақалпоқча қўшиқ куйладим”, дея таъкидлаган хонанданинг таваккали натижаси узоқ куттирмади. Чиндан рақсбоп қўшиқ! Раққосларнинг завқ билан ўйнаши ва гиламча ёзиб, шеригини юқорига ирғитиши мухлисларга янада кайфият бахш эта олди.
 
Алишер Узоқов Раҳимхонни доғда қолдирди!

Хонанда “Отажон” қўшиғини куйлаб бўлиши билан  кутилмаганда бир раққоса саҳнага чиқиб “Сардор Раҳимхон бўлсангиз ўзингизга! Менга умуман ёқмайсиз! “Пулини тўлаганман”, деб фақатгина бизни ўйнатиб, шу бўй билан рақс тушмасликка уялмайсизми?” деб қолди. Нима қиларини билмай қолган хонанда “На қилай?” дея хоразмча хониш қилиб, рақс тушишга тарддудланганди ҳамки чугурма кийган “раққос” саҳнага чиқиб келди. Қарабсизки, саҳнада рақс беллашуви бошланди. Қўшиқ тугагач, рақсда таслим бўлганини тан олган Сардор Раҳимхон “раққос”ни таништирди. У актёр Алишер УЗОҚОВ эди. Ҳеч ким кутмаганди! Актёрлик, хонандалик, режиссёрлик, тақлид санъати, ҳатто футболда ҳам ўзини синаб кўрган Узоқов илк бор катта саҳнада хоразмчасига хиром айлади-да! Биринчи блокка хонанданинг шогирди Дилсўз бир жуфт қўшиғи билан якун ясаб берди.
 
“Кимлардадир эртаклардагидек дўстбордир, лекин менда эмас!”

2 блокнинг иккинчи қўшиғи бўлган “Дўст”ни куйлашдан аввал Сардор Раҳимхон аччиқ ҳақиқатни айта олди! “Ота-онадан ўзга дўст бўлмас экан! Кимлардадир эртаклардагидек дўст бордир, лекин менда эмас!” Биргина гитара ёрдамида жонли куйланган ва залдагилар эътирофига сазовор бўлган ва дилдан чиққан мазкур қўшиқ қайси “дўст”ига жавоб тариқасида куйланганини ҳамма пайқади, назаримизда...
 
Раҳимхоннинг ҳафсаласини пирқилган Ҳалима ИБРАГИМОВА

Сардор Раҳимхон “Навбат дуэт таронага!” деганида, мухлислар одатдагидек бирор аёл ё эркак хонанда саҳнага чиқса керак, деган хаёлда эди. Бироқ катта экранда қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ва Раҳимхоннинг ошхонада тушган расмлари намойиш этилгач, зал “портлади”! Ҳақиқатда кутилмаган дуэтдош ва кайфият кўтарувчи ҳазил қўшиқ! Мана шу чиқиш концертнинг “кулминация”ларидан бири бўла олди.
 
“Она қизим”

Биринчи қаторда ўтирган санъаткорлардан “Қизингизни нима деб атайсиз?” дея мурожаат қилган хонанда “Она қизим” деган жавобни олди. Ва шу номдаги қўшиғини куйлади. Бу қўшиқни эътиборга молик томони шундаки, катта экранда устоз санъаткорлар, таниқли аёл актриса, хонандаларнинг болаликдаги ва ҳозирги расмлари кўрсатила бошланди. Бу мухлислар қизиқишига сабаб бўлди. Қўшиқ охирлаганида эса, хонанданинг икки қизи, рафиқаси билан тушган расмлари ҳам намойиш этилди. Ноодатий ва кутилмаган ёндашув!  
   

Насиба АБДУЛЛАЕВА ВА Озодбек НАЗАРБЕКОВНИ ЦИГАНЧАСИГА ЎЙНАТГАН Сардор РАҲИМХОН!
 
“Майли” номли қўшиққа раққосалар қатори хонанда жуда чиройли рақсга тушди. Кутилмаганда Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева ва Озодбек Назарбеков ҳам завқ билан мазкур циганча қўшиққа мазза қилиб хиром айлашди. “Эксклюзив” рақс бўлди!  
 
“Отамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир умр санъатда кўринмасдим”

Раҳимхоннинг ҳаётидан сўзловчи ота ҳақидаги монологи ва падари ҳақидаги “Бир жигаринг йўқотганингда...” номли таъсирчан қўшиғи йиғилганлар кўзини ёшлатди. Катта экранда отасининг оила даврасида тушган расмлари намойиш этилиши қўшиқнинг таъсир кучини оширди. Хонанданинг ўзи ҳам юм-юм йиғлаганча саҳнани тарк этди...
 
Янги репертуар билан чиқса бўларди!

Иккинчи блокни якунлаб берган “Хасан ва Хусан” триоси чиқишлари эскилиги ва бачканалиги билан мухлисларни бироз ҳафсаласини пир қилди. Раҳимхонга боғлиқ саҳна кўринишлари эса йиғилганларга самимий кулгу улашди.
 
Асал ШОДИЕВА Раҳимхоннинг либосини йиртиб юборди...

“Яна манда, яна санда” қўшиғига саҳнада жонли клип намойиш этилди. Сардор Раҳимхоннинг ролини “Баён” гуруҳи яккахони Маъмур Султонов ижро этди. Актриса Асал Шодиева эса ўз ролида! Қўшиқ куйлаш билан оввора бўлган хонандага жахл қилган, Асал ва Маъмур битта уринишда Раҳимхоннинг кастюмини йиртиб олишди. Бу ҳам кутилмаган саҳна кўринишларидан бири эди.   
 
Насиба АБДУЛЛАЕВАнинг кутилмаган талаби...
“Қайси қўшиқни куйлаб берай?” дея залдагиларга мурожаат қилган хонанда фан-клуб аъзоларидан “Бомбей” деган жавобни олди. Бироқ Насиба Абдуллаева қарши чиқиб, “Ватан” номли қўшиғини куйлашини талаб қилди. Икки томоннинг хурмати учун иккала қўшиқ ҳам кетма-кет жаранг сочди. Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Достон Убайдуллаев, Даврон Эргашев ҳатто Абдурашид Йўлдошев ҳам рақсга тушишди.
 
Хулоса: Раҳимхоннинг ушбу концерт дастури тўрт йиллик танаффусни оқлади, десак янглишмаймиз. Кутилмаган дуэт, саҳна кўринишлари, эски анъаналар ноодатий ёндашувларга бой бўлди. Дастур аввалида хонанда таъкидлаганидек, мухлислар автобиографик концертдан бахраманд бўлишди.   
 
ФАКТ ва рақамлар:

·        Дастурда жами 22та қўшиқ куйланган бўлиб, улардан 12таси янги.
·        Концертда раққосалар Ирода Исмоилова, Паризода, Зарина Аҳмедова ва“Сабо” рақс ансамбли, “Асал” болалар рақс гуруҳи гўзал рақслари билан иштирок этишди.
·        Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Абдурашид Йўлдошев ва Достон Убайдуллаев, Даврон Эргашев, Муниса, Зиёда Қобилова, “ЭЛДИДО” гуруҳи, Умидахон, актриса Шаҳзода Муҳаммедова каби бир қатор таниқли санъаткорлар дастурда меҳмон бўлишди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1