1

“АНЪАНАЛАРДАН ИЛҲОМЛАНГАН САНЪАТ”

МАДАНИЯТ 16.12.2017, 12:22
“АНЪАНАЛАРДАН ИЛҲОМЛАНГАН САНЪАТ”

Шу кунларда Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтаётган “Анъаналардан илҳомланган санъат” кўргазмасида мамлакатимиздаги музейларда сақланаётган энг сара тарихий либослар, заргарлик ва кашта намуналари намойиш этилмоқда.
Хусусан, кўргазмага Ўзбекистон Давлат санъат, И. В. Савицкий номидаги Қорақолпоқ Давлат санъат, Қорақалпоқ Давлат, Фарғона, Самарқанд ўлкашунослик музейлари, Самарқанд Давлат, “Ичан-Қалъа” Давлат, Бухоро Давлат меъморлик-бадиий музей-қўриқхоналаридан энг нодир намуналар олиб келинган.


Маълумки, қадимий либослар маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ажралмас қисми бўлиб, кўп асрлик тарихимизни ўзида акс эттиради. Улар ҳар бир даврнинг ўзига хос жиҳатлари, урф-одатлари ва кийиниш услубидан дарак беради. Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудининг бир-бирига ўхшамас мактаблари ва йўналишларини намоён этади. Ўз навбатида, бу каби нодир тарихий либослар ва заргарлик буюмлари аждодларимизнинг яшаш тарзи, ижтимоий келиб чиқиши, ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётидан ҳам сўзлайди. Улар ҳақида кенг маълумотга эга бўлиш тарихимизга бўлган ҳурмат ифодасидир.
Кўргазмани ташкил этилишидан асосий мақсад ҳам тарихий анъаналаримиз, бой маданиятимизни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш, ёш авлодни бой маънавий меросимиз билан яқиндан таништириш ва уларда миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эъзоз ҳиссини шаклантиришдир.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг энг қадимий либосларини қамраб олган бундай кўргазма мамлакатимизда илк маротаба ўтказилмоқда. Кўргазма 2017 йил 15 декабрдан 2018 йилнинг 9 январига қадар давом этади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1