Хабарингиз бор, яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари, Рамазон ва Қурбон ҳайитида қўшимчадам олиш кунлари эълон қилинди.
Президентнинг бу фармони мамлакатимиз фуқаролари учун кутилмаган совға бўлди. Албатта, байрам муносабати билан бериладиган қўшимча дам олиш кунлари эвазига ҳамюртларимиз оила даврасида, яқинлари билан ҳордиқ чиқариш, байрамни кўнгилдагидек нишонлаш имконига эга бўладилар. Бу кунлар давомида юртимизнинг турли зиёратгоҳлари, қадимий шаҳарларига ҳам саёҳатлар уюштириш, ўлкамизнинг хушманзара гўшалари тароватидан баҳра олиш мумкин.
Мамлакатимизда тез кунларда байрамлар муносабати билан бериладиган таътил кунларини янада мароқли ўтказиш учун Япония, Хитой сингари жаҳоннинг бир қатор мамлакатлар тажрибасидан ўтган Golden Week (олтин ҳафта) лойиҳаси амалга оширилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, ҳукуматимиз томонидан ҳамюртларимизнинг бу каби зиёрат ва саёҳатларини амалга оширишни кўзда тутувчи бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Энди турли корхона ва ташкилотлар тегишли туристик фирмалар билан ҳамкорликда байрам таътилари давомида юртимизнинг қатор шаҳарлари бўйлаб ўз ходимлари учун саёҳатлар ташкил этишлари мумкин. Мазкур ҳужжатларда ана шундай саёҳатлар ташкил этган корхоналарга солиқ имтиёзларини белгилаш ҳам назарда тутилган.






