Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси томонидан инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳар қандай давлат иқтисодиётининг барқарор ўсиши унинг энергетика соҳасини қай даражада жадал ривожлантираётганига қараб белгиланади. Мамлакатимизда электр энергиясини асосан “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ишлаб чиқаради ва етказиб беради, дея хабар беради ЎзА. Компания энергетика тармоғини янада ривожлантириш, электр станцияларини тубдан модернизация ва реконструкция қилиш, истеъмолчиларни энергия билан ишончли таъминлаш мақсадида ўз фаолиятини, жумладан, инвестиция соҳасида ҳам мунтазам такомиллаштириб бормоқда.
Тармоқни ривожлантириш бўйича 2015 йилгача белгиланган асосий йўналишларга мувофиқ, умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ қирқдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг аксарияти буғ-газ қурилмалари асосида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияларини жорий этиш, ёқилғи-энергетика балансида қаттиқ ёқилғи ва гидроэнергоресурслар улушини ошириш, таянч кичик станциялар ва тизимлараро электр узатиш линиялари қурилишига йўналтирилган.
Ўтган йилнинг ўзида турли инвестициявий лойиҳалар доирасида 14 объектда, чунончи, “Тошкент иссиқлик электр маркази” очиқ акциядорлик жамияти, “Ангрен” махсус индустриал зонасидаги шакар ишлаб чиқариш заводи, Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси, Чорвоқ гидроэлектр станцияси ва бошқа объектларда қурилиш, реконструкция ҳамда модернизация ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Тошкент, Толлимаржон, Навоий иссиқлик электр станциялари ва Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қуввати 1775 мегаватт бўлган буғ-газ ва газ турбинали қурилмалар ўрнатиш ишлари бошланди. Юқори техник-иқтисодий кўрсаткичга эга мазкур қурилмаларнинг ҳар бири йилига 360 миллион кубометргача ёқилғини тежаш имконини беради.
Сўнгги икки йилда “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1 миллиард 100 миллион доллардан ортиқ 30 лойиҳани амалга оширди. 2014 йилда компания томонидан янги корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 6 миллиард 330 миллион доллардан зиёд 28 йирик инвестиция лойиҳасини татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Матбуот анжуманида замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, ўтган даврда компания корхоналарида 1600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, уларнинг аксариятини касб-ҳунар коллежи битирувчилари ташкил этганлиги қайд этилди.