Гвинеяда юзлаб аёлларни алдаган табиб аёл қамоққа олинди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.
Табиб аёл даволанишга келган бефарзанд аёлларга турли гиёҳлардан тайёрланган дамламани бериб, гўёки даволаган. Натижада аёлларнинг қорни шишиб, сунъий “ҳомиладорлик” юзага келган. Улар то 9 ой тўлиб, туғиш фурсати етмагунча ҳомиладорликларига ишонишган. Аёллар табибнинг хизмати учун 33 доллардан ҳақ беришган. Полициянинг маълумот беришича, табиб аёл мазкур йўл билан минглаб доллар пул топган.
16 январь куни алданган 200 га яқин аёл полиция биноси ёнига келиб, норозилик намойишини ўтказган. Табиб аёл 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган 700 нафар аёлни алдаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, Африка мамлакатларининг 80 фоиз аҳолиси даволанишда ҳамон анъанавий халқ табоботи усулидан фойдаланишни маъқул кўради.






