1

Санъаткорларнинг ўзини тутиши ва кийиниш маданияти тартибга солинади

МАДАНИЯТ 29.01.2018, 16:59
Санъаткорларнинг  ўзини тутиши ва кийиниш маданияти тартибга солинади

Самарқанд шаҳридаги концерт залида вилоятимиз санъаткорлари, маданият ходимлари иштирокида соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Зарафшон" газетаси маълум қилди.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори О.Абдуқаҳҳоров санъаткорларга берилаётган имконият ва улар олдига қўйилаётган талаблар, концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, концертларни ўтказиш бўйича назоратни кучайтириш, санъаткор ва раққосаларнинг тўй-ҳашам, байрам тадбирлари, оммавий йиғинларда ўзини тутиши, кийиниш маданиятини тартибга солиш масалалари хусусида сўз юритди.

О.Абдуқаҳҳоровнинг айтишича, шу кунгача бир концерт дастури учун санъаткордан олган даромадининг 30 фоизи давлат божи сифатида ундириларди. Эндиликда бу фоиз ставкаси 10 фоиздан 7 фоизгача камайтирилди. Санъаткор фаолиятини расмийлаштиришга мавсумий, яъни уч ойлик лицензия, ногирон ва нафақадагиларга бепул лицензия бериш жорий этилди. Намойишларда фонограммадан фойдаланиш тақиқланди. Миллий маънавиятимизга мос келмайдиган клипларни кўрикдан ўтказувчи бадиий кенгаш ташкил этилди. Ушбу кенгаш кўригидан ўтмаган, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган клип муаллифларининг лицензияси бекор қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева Самарқанд шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари учун ўтказган маҳорат машғулотларида: "Санъатнинг ҳеч бир тури бўйича муваффақиятларга меҳнатсиз эришиб бўлмайди. Қўшиқчиликда санъаткор овозида, кайфиятида, ҳатто юз ифодасида ҳам халқнинг руҳиятини акс эттириши зарур", - деб, қўшиқчиликнинг шу каби сир-синоатлари ҳақида сўзлаб берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1