Ҳозирда Ўзбекистонда япон киночилари суратга олиш жойларини танлаш ишларини давом эттиришмоқда. Loaded Films кинокомпанияси мутахассислари Тошкент шаҳридан кейин Жиззах вилоятига ташриф буюришди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу ишчи саёҳат мобайнида энг гўзал табиат манзаралари ва сув ҳавзалари билан танилган Жиззахда япон меҳмонларга Айдаркўл қирғоғи таништирилди. Бу ердаги соҳилбўйи фауна ва флораси, балиқчилар манзили, замонавий балиқ фермалари, соҳил бўйлаб қурилган ўтов лагерлари каби объектлар бирма бир ўрганилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Зомин туманига йўл олишди. Япон ижодкорлари бир неча асрлик арча ва ёнғоқ дарахтлари, чанғи учиш йўлаклари, қорли тоғ ва қалин ўрмон манзараларини яқиндан ўрганиб, бўлажак фильм воқеаларининг бир қисмини Жиззах табиатида суратга олишга қарор қилишди.
Эслатиб ўтамиз, таниқли режиссёр Киёши Куросава томонидан суратга олинадиган ушбу фильм Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда ва Европанинг етакчи кинофестиваллари учун мўлжалланган.