Вашингтоннинг машҳур Меридиан халқаро марказида Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон элчихоналарининг ташаббуси билан Наврўз байрами кенг нишонланди, деб хабар берди News.day.az нашри.

Наврўз байрами тадбирида дипломатик корпус вакиллари, Америка жамоатчилик вакиллари, ҳамда АҚШ конгресси маъмуриятининг расмий шахслари иштирок этишди.

Марказ раҳбари Стюарт Холидэй Наврўз байрами қадимий байрамлардан бири бўлиб, табиат янгиланиши, баҳор, дўстлик ва тинчлик рамзи эканлиги ҳақида гапирди.

Америка марказида олти давлатнинг биргаликда Наврўз байрамини нишонлаши дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Стюарт Холидэй Наврўз халқларни, миллатларни бирлаштирувчи баҳор байрами эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўрта Осиё санъат усталари иштирокидаги катта байрам концерти бўлиб ўтди. Шу билан бирга, барча Осиё халқларининг миллий таомлари намойиш этилди.

Наврўз байрамини бирга нишонлаш анъанаси туркийзабон мамлакатларнинг бирдамлигини дунё халқларига яна бир бора исботлади. Бунга туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг “Буюк ипак йўли” доирасидаги иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳамкорлиги ҳам ёрқин мисолдир.







