Инсон бу ёруғ оламга келар экан, тақдирига битилган қисмати ҳамда орзу-интилишлари билан яхши яшашга ҳаракат қилади. Бироқ ҳаётда турли ҳолатлар, яхши-ёмон кунлар бўлади. Бошга дард келиб, сабрни синайди. Аммо ажал ҳеч ким билан ҳисоблашмайди.
Қуйидаги воқеа бир инсоннинг тақдирига битилган қисмат эдими, йўқми буниси бизга қоронғу.
2017 йил 25 сентябрь куни Томди тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган бемор Х.Х.га етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги натижасида 27 сентябрь соат 08:30 ларда шифохонада вафот этади. Ушбу жиноят ишини тергов қилиш жараёнида 1967 йилда туғилган Зарафшон шаҳрида яшовчи, Томди тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Т.А. (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва 1988 йилда туғилган Томди тумани Янги Томди қўрғонида яшовчи, Томди тумани тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлими шифокори В.Б. ўзаро жиноий тил бириктириб, фожиани яшириш мақсадида Х.Х.нинг касаллик тарихига беморнинг аҳволи ўртача эканлиги тўғрисида қалбаки маълумотлар киритиб, касаллик тарихини сохталаштириб, экспертиза текшируви учун тақдим қилганликлари аниқланган, дея хабар бермоқда Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.
ЎзА хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Т.А. ва В.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2 ва 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган.
23.03.2018 17:37
Бир инсоннинг ҳаёти кимгадир ўйин бўлдими?
