АсосийMadaniyat

27 март – Халқаро театр кунига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди

'27 март – Халқаро театр кунига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида 27 март – Халқаро театр кунига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга юртимиздаги театр жамоалари ходимлари, устоз санъаткорлар, санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар таклиф қилинди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев ва бошқалар мамлакатимизда миллий театр санъатимиз равнақи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор санъат аҳли, жумладан, театр фидойилари фаолиятида, ижодида, ҳаётида ўзининг яққол ифодасини топаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувида санъатнинг барча йўналишлари каби миллий театримиз ривожи йўлидаги янгидан-янги вазифалар белгилаб берилди. Уларга асосан мамлакатимиз театр жамоаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Етакчи ижодий ташкилотларнинг “Дўстлар клублари” ташкил этилиб, ижодий жамоаларга йирик корхона, банк ва компаниялар ҳомий сифатида бириктирилди.

Ёшларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб вояга етказишда театр санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини ҳисобга олиб, долзарб ва умуминсоний эзгу ғоялар акс эттирилган саҳна асарлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда театр соҳасига кўрсатилаётган ғамхўрлик халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайишида, ижодий мулоқотлар қамровининг янада кенг қулоч ёйишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри кўплаб хорижий театр жамоалари, чет эллик ижодкорлар билан биргаликда саҳна асарлари, мусиқий дастурлар, ижодий лойиҳаларни тайёрлаб, томошабинларга тақдим этмоқда. Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ижодий жамоаси ўзининг "Масхарабоз шоу" дастурини шу кунларда Лондонда муваффақият билан намойиш этмоқда. Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг Қозоғистонга ижодий сафари кўзда тутилмоқда.

Тадбирда театр фидойилари билан бирга саҳна ортида меҳнат қилиб, спектаклларнинг янада пухта ва томошабоп бўлишига ҳисса қўшаётган ишчи-ходимларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Юртимиз театр жамоаларининг байрамга бағишланган дастурлари, санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокидаги концерт намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар