1

Равшан КОМИЛОВ: “Ҳаёт синовларини қабул қилишда давом этяпман”

ШОУ-БИЗНЕС 21.07.2014, 14:19
Равшан КОМИЛОВ:  “Ҳаёт синовларини қабул қилишда давом этяпман”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан КОМИЛОВ билан бўлган суҳбатимиз орқали хонанданинг бугунги ўйлари, шахсий қарашлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўласиз.

Экран ва ҳаёт... Бир одамнинг тақдирида доим ҳам бир хил аксланмайди. Демак, ҳаётий образ Равшан КОМИЛОВ қиёфасида...

Cирли ён дафтар...

Ҳамиша режа билан ҳаракат қилишга одатланганман. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлган одат эмас. Эсимни таниганимдан бери шундайман. Ҳозиргача ёшликдаги ён дафтарларим сақланган. Уларда қачон, қаерда, нима иш билан банд бўлганим ёки режаларим ёзилган. Баъзида уларни варақлаш ёқади! Ҳозир ҳам ён дафтаримда икки ой кейин суратга олиниши мўлжалланган клип, ёзиладиган қўшиқлар ва борадиган манзилларим ёзилган. Кимдир бу юмушларни маъмурига ишонар, аммо мен ўзимга тааллуқли бўлган ҳар бир жараён — РЕЖА кўз ўнгимда, қўлимда бўлишини маъқул кўраман.

Яхши ва ёмон кунларим”

Ҳаёт ҳар доим ҳам биз истагандек кечмайди. Совғлари билан бирга синовлари ҳам бисёр. Яхши кунлар ҳам, ёмон кунлар ҳам бошимдан ўтган. Ҳамиша иродамга таянганман, руҳан синмаслик учун ўзимни назорат қилишдан эринмайман. Шукр, сабр ва меҳнат мени ҳамиша ёруғликка олиб чиққан. Ҳали ҳаёт олдинда, ундаги синовлар ва совғаларни қабул қилишда давом этаяпман. Муҳими, бу умр йўлида ўзимнинг қоидаларим, амал қиладиган анъаналарим ва суянадиган елкаларим бор.

“Ҳар бир қадамимни таҳлил қиламан”

Мендаги камчиликлар, хатолар болаларимнинг ҳаётида такрорланмаслигини истайман. Шунинг учун замоннинг ҳар бир дақиқасини, талабини сезишга ҳаракат қиламан. Хорижий тилларни мукаммал билмайман. Бугун фарзандларим, набираларим берилаётган имкониятлардан  унумли фойдаланиши керак. Ота сифатида яна айтаман, уларнинг бахтли, эл корига ярайдиган инсон бўлиб улғайиши учун масъулман. Шунинг учун ҳар бир қадамимни таҳлил қилишга эринмайман. Жуда кўп одамлар билан гаплашдим, касбим туфайли юрт кездим ва кузатувларим натижасида хулосалар чиқардим. Одамнинг қаддини фарзанд ҳам кўтарар, ҳам букар экан. Не-не одамларни кўрдим, қандайдир мавқе, даража учун курашиб, оиласи, фарзандларига вақт топмаган улар. Натижаси эса... Боламиз азиз, уни эркалаб, энг яхшиларига лойиқ қилиб улғайтирамиз. Айнан шу меҳримизни тўғри йўналтириш муҳим.

“Қўшиғим ҳаётимда акс этяпти”

60-70 ёшимда қўшиқ айтаманми ё йўқ буни аниқ билмайман. Қайсидир маънода бу муҳим ҳам эмас! Инсон қайси ёшда бўлмасин, унга нисбатан ҳурмат-иззат каби қадриятларнинг сақланиб қолиши муҳим. Ҳозир кўпроқ шу ҳақда ўйлайдиган бўлганман. Нимагадир ўткан кунларни кўп сарҳисоб қиламан. Ким эдик, ким бўлдик? Кимга қандай нафим тегди, жамиятда ўрним қандай? Балки бу саволлар ёш билан боғлиқдир. Лекин булар ҳақида ўйлашнинг маъсулияти бор экан. Эсласангиз, “Одам бўлайлик” деган қўшиғим бўларди. Ўша таронадаги ғоя ҳаётимда акс этаётганини сезаяпман.

Танқид эшитса энсаси қотади

Одатда одамлар, айниқса ижод аҳли танқидни хушламайди. Эшитса энсаси қотади. Аммо инсон танқидни қабул қилишни билиши керак. Агар ўзингизга танқидий кўз билан қарасангиз холисликка эришасиз. Сизни танқид қилишса, бу фожеа эмас, шунчаки — жараён! Масалан, яқинда “Тошканли” қўшиғим учун олинган клипим телевидениенинг бадиий кенгашидан ўтмади. “Сизнинг даражангизга бу клип сюжети тўғри келмайди”, дейишди. Ўйлаб қарасам, қайсидир маънода уларнинг фикри тўғри. 7-8 йилдан буён сон билан эмас, сифат билан ҳисоблашишга ўргандим. Қўшиқлар кўп, лекин тақдим этишдан олдин ўйлайман. Ким тинглайди? Қандай баҳо беришади? Эътиборимни мавзули тароналарга қаратаётганимнинг сабаби шундадир балки. Қисқаси, одам ўзининг баҳосини билади. Шунга қараб ҳаракатланса муаммоларга ечим топиш қийин кечмайди.

“Обрўимни рўкач қилиб иш битирмаганман

Осилсанг баланд дорга осил, дейишади. Бу фикрга қарши эмасман. Шунчаки, ҳаётий принципим — қўлимдан келмаган ишга аралашмайман. Кўзим етмаган ишга бош қўшмайман. Ортиқча чираниб, мақтанчоқлик билан мисқоллаб йиққан обрў-эътиборни йўққа чиқаришдан осони йўқ. Меҳнат билан топилган ҳурматнинг иззати бўлади. Ҳеч қачон обрўимни рўкач қилиб иш битирмаганман. Аксинча шундай йўл тутганларни ҳазм қилолмайман. Балки бу ким учундир осон кечар, аммо менинг қоидам бошқача!

“Сира одам ажратмаганман

Менинг ижодимни ҳурмат қилган ҳар бир инсон мен учун азиз! Бировнинг либоси, ишига қараб ҳурмат қилмайман. Одамларни яхши кўра олиш бу энг керакли қобилият. Ёлғон мулозаматни назарда тутмадим. Самимият ҳамиша устун!

“Улфатлар, дўст-у ошналар ўз йўлига”

Энг иссиқ ва ҳамиша сени қадрлайдиган қўрғон — ОИЛА! Улфатлар, дўст-у ошналар ўз йўлига. Лекин оилавий ҳамжаҳтлик, дўстлик бу сизнинг “мен”ингизни белгилайди. Оиласидан қадр топмаган одам кўчадан қадрдон излайди. Шукр, оилам тинч, фарзандларим бағримда. Инсон умри давомида узун йўлни босиб ўтади. Ҳар бир киши билганча қадам ташлайди, ўзича ўйлайди. Лекин барчани бирлаштирадиган ришталар бор — меҳр, оқибат! Айнан шу қадрият оиладан бошланади.

Узр сўрашдан уялмайман

Ўзи камгап одамман. Шунинг учунми бировнинг шахсиятига таалуқли ортиқча муносабат билдирмаганман. Бировнинг кўнглини оғритмасликка интиламан. Баъзида билмасдан кимнидир хафа қилсам, айбим бўлса, узр сўрашдан уялмайман.

“Ҳеч кимга хусуматим йўқ!”

Кимгадир нисбатан кўнглимда ёмонлик сақламаганман. Балки кимдир мени ёмон кўрар, лекин мен гиначи эмасман. Ҳамиша ўз йўлимдан юришни маъқул кўрганман. Ёқтирмаган одамларим бордир, аммо бировга хусуматим йўқ.

“...ҳамма билишини истамайман”

Фаррухнинг таклифи билан ёш ижодкорларга мурожаат қилдим. Улар билан ҳамфикр бўлиш одамни ёшартиради. Кимгадир бачкана туюлар, кимгадир эриш. Аммо ўзимни янги йўлларда синаб кўришдан эринмайман. Билганим, одамлар ижодимга бефарқ эмас. Демак, кимгадир ёқаяпти, деб айта оламан. Ўзимга ярашмади, деб ҳисоблайдиган ҳолатларим бор. Бу ҳақда ҳамма билишини истамайман.

“Санъат йўлида қурбонликларим бор”

Нимагадир эришиш учун ниманидир қурбон қилиш ҳаёт ҳақиқати. Лекин кимгадир ёмон кўриниб, кимнидир оёғидан чалиб эришилган мавқедан асрасин. Санъат йўлида қурбонликларим бор, ҳаммаси вақт билан боғлиқ. Уйқусиз кечалар, яқинларга беролмаган эътиборим, ички исёнлар...

Менимча, санъаткорда бундай қурбонликлар бўлиши шартдек. Бу йўқотишлар жуда оддий эшитилар, лекин айнан шулар ичида мени орзуларим, ҲАЁТИМ бор.   

Саҳнага чиқиш, ўзимни намоён қилиш учун фақат ва фақат ижодий имконият керак, деб ҳисоблаган кезларим ва айнан шу фикрга қарши чиққан пайтларим кўп бўлган. Ҳамма истеъдодли, лекин намоён қилиш имконияти меҳнат, тинимсиз ҳаракат билан эришиладиган чўққига ўхшайди. 

“Муҳаббат” қўшиғимни кўпчилик яхши кўриб тинглайди. Бир тўйда айнан шу қўшиқни куйласам, хонадон эгаси келиб, “Шу қўшиқни айтманг”, деса ўйланиб қолдим. Кейин билсам, куёвнинг биринчи никоҳи эмас экан. “Муҳаббатнинг биринчиси ёндиради...”, деган сўзлар мезбонларга ёқмаган шекилли...

Севдо НИЁЗОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1