1

“Девони Ҳусайний” – китобат санъатининг нодир намунаси

МАДАНИЯТ 31.05.2018, 13:58
“Девони Ҳусайний” – китобат санъатининг нодир намунаси

Санкт-Петербургда, Айни пайтда Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти (собиқ Осиё музейи)да Ҳусайн Бойқаро девонининг нодир қўлёзмаларидан бири сақланмоқда.

Маълумки, Султон Ҳусайн Бойқаро (1438-1506) Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1469 йилдан то умрининг сўнгги қадар Хуросон тахтини бошқарган. Султон Ҳусайн болаликда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий билан дўст бўлган ва бу дўстлик бир умр давом этган. Алишер Навоий кўплаб асарларида Султон Ҳусайн Бойқарони адолатли ҳукмдор сифатида улуғлаган, унинг саройида юқори лавозимларда хизмат қилган.

Султон Ҳусайн Бойқоронинг ҳукмронлик даврида Ҳирот фан ва маданият марказига айланган. У эски ўзбек тилининг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширган, шу тилда ижод қилишга доир махсус фармон чиқарган, "Ҳусайний" тахаллуси билан ижод этган. Ҳусайн Бойқаронинг девони ўз даврида бир неча маротаба кўчирилган ва шоҳона кутубхоналарда сақланган.

Санкт-Петербургдаги “Ҳусайний девони” ана шундай қўлёзмаларнинг энг нодири бўлса ажаб эмас. Манбаларга кўра, девонни “давлат маслаҳатчиси” унвонига эга бўлган машҳур шарқшунос олим В.С. Голенишев (1856-1947) Истанбулдан сотиб олган ва 1910 йилда Осиё музейига туҳфа қилган.

2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Замонлар чорраҳаси – Ўтмишнинг бой мероси – маърифий келажак пойдевори” мавзусидаги медиа-форум доирасида ушбу шоҳона девоннинг замонавий технологиялар асосида олинган нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди. Ушбу қўлёзма настаълиқ хатида, сифатли қоғозда кўчирилган ва шоҳона безаклар берилган. Саҳифаларига олтин зарралари сепилган.

Девонда ўта маҳорат билан билан ишланган тўртта миниатюра, нафис нақшлардан ҳосил қилинган иккита зарварақ, Ҳусайн Бойқаронинг турли даврларда битилган 154 та ғазали (шундан иккита ғазали тўлиқ эмас) ўрин олган.

6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулофотга йўл” II халқаро конгресси иштирокчилари ушбу гўзал шаҳардаги илмий-маданий муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид қатор осори атиқалар қатори мазкур бебаҳо девоннинг асл нусхасини ҳам кўриш имконига эга бўладилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1