"Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" Россия музейларига тақдим этилади

МАДАНИЯТ 31.05.2018, 17:17
"Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" Россия музейларига тақдим этилади

Буюк аждодларимиз томонидан яратилган меъморий обидаларнинг аксарияти вақт суронларини енгиб, бугунги кунгача етиб келди. Бугун ҳам миллионлаб инсонлар, шу жумладан, дунёнинг турли ҳудудларидан ташриф буюраётган сайёҳларда қайта-қайта “улар нима ҳақида сўзлайди, буюк аждодларимиз ёзиб қолдирган битикларда қандай маънолар яширин?” сингари саволлар туғилиши табиий.

“Замон-Пресс-Инфо” нашриёт уйи томонидан “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумида нашр этилган китоб-альбомлар ана шу сирларни қайта кашф этишда муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” номи остида жами 25 жилдли китоб-альбомлар туркум-лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 6 апрелдаги Қарори асосида амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида ҳукумат ва жамоат ташкилотлари кўмагида мамлакатимиздаги меъморчилик обидаларидаги битикларни ўрганиш ва умумлаштириш, туркум китоб-альбомлар кўринишида тақдим этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бунгача бирор-бир мусулмон мамлакатида ана шундай ишларга қўл урилмаган.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қадимий меъморий обидалардаги эпиграфик матнларни ўқиш ва уларни таржима қилиш бўйича бой тажрибага эга мутахассислардан таркиб топган ижодий гуруҳ ташкил этилди.

Ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари, Хива ва Тошкент шаҳарлари, шунингдек, Самарқанднинг икки йирик тарихий меъморий мажмуаси – Регистон ва Шоҳи Зинда битикларига бағишланган жами 13 та китоб-альбом тақдим этилди.

Ўтган йили “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 3250 дона китоб-альбомини ўз ичига олган 250 та тўпламни илмий-таълим муассасалари, миллий ва жаҳон кутубхоналари ҳамда музейлар вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарларига ҳадя сифатида тақдим этишга бағишланган илмий-маърифий акция ўтказилди.

6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтказиладиган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида Россиядаги бир қатор музейлар, илмий муассасаларга “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-албомлар тўпламини беғараз тақдим этиш кўзда тутилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1