1

Футболимиз етмаган жойни қалам билан олсин Алишер

МАДАНИЯТ 01.06.2018, 10:53
Футболимиз етмаган жойни қалам билан олсин Алишер

Бугун дунё футбол мухлисларининг нигоҳи Россияга қаратилган. Саноқли кунлардан сўнг бу ўлкада футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига старт берилади. Афсуски, бу йил ўзбек футбол мухлислари ўзга юртларнинг футбол жамоалари учун мухлислик қилиб, ҳуштак чалишга мажбур. Марҳум қизиқчимиз айтганидек, футболчиларимизга бу йил лоақал Россияга бориб, музқаймоқ еб келиш ҳам насиб этмади.

Аммо, қувонишга асосларимиз ҳам бор. Бу йил ҳам жаҳон чемпионати учрашувларини бошқарадиган ҳакамлар орасида Равшан Эрматов бошлиқ ҳакамларимизнинг иштироки кўнглимизга ёруғлик олиб киради. Лоақал улар туфайли миллиардлаб футбол мухлислари қулоғи остида бир неча бор Ўзбекистон номи жаранглайди.

Яна бир юпанч бор. 6-8 июнь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Аввал хабар қилинганидек, мазкур конгресс доирасида дунёнинг 30 мамлакатидан келган олим ва мутахассислар, музейлар ва илмий муассасалар раҳбарлари, санъат ихлосмандлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этадилар.

Дунёнинг турли минтақаларида Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этаётган машҳур олимлар бу борадаги янгиликларни, изланишлар натижаларини кенг илмий жамоаттчилик билан ўртоқлашадилар. “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар”, “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилган ранг-баранг китоб-альбомлар, шу мавзуда суратга олинган фильмлар тақдим этилади.

Конгресс кунлари Санкт-Птеребургдаги бир қатор маданий муассасалар – жумладан, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти, Россия этнография музейи, Буюк Петр номидаги Этнология ва антропология музейи (Кунсткамера), Россия миллий кутубхонаси, РФА Рус адабиёти институти (Пушкин уйи) ва Дин тарихи давлат музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмаларни ташкил қилиш кўзда тутилган.

Мазкур кўргазмаларда Ўзбекистон ҳудудидан топилган, тарихнинг турли даврларига оид осори атиқалар, боболаримизнинг меҳнати ва ақл-заковати маҳсули ўлароқ дунёга келган амалий санъат ва ҳунармандчилик намуналари, уй-рўзғор буюмлари намойиш этилади.

Айниқса, буюк аждодларимиз яратиб қолдирган илмий ва адабий асарларнинг асл нусхаларини кўриш ҳар бир ўзбек учун мислсиз ифтихор бахш этса керак. Хусусан, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг муборак назарлари тушган қўлёзмалар ҳам ушбу кўргазмаларга кўрк бахш этиши кутилмоқда.

Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 1460-йилларда мухлислари томонидан яратилган “Илк девони” ҳам бугун Россия Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Бу бебаҳо қўлёзма асрлар давомида турли шоҳлар, ҳукмдорларнинг кутубхоналарини безаган. Номаълум сабабларга кўра у ўн тўққизинчи асрда Эрон Қожорлари сулоласи мулкига айланган.

Тарихий маълумотларга кўра, 1828 йилда Россиянинг Эрондаги элчиси сифатида фаолият юритган рус адиби Александр Грибоедов фитна сабабли ўлдирилгач, Эрон шоҳи Фатҳалишоҳ Россия императорига хун баҳоси сифатида бир қатор ҳадяларни юборади. Улар орасидаги энг қимматли ҳадя навоийи бобомизнинг “Илк девони” эди.

Одатда элчиларнинг ўлими тарихда жуда кўп қонли урушларга, қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган. Эрон ва Россия ўртасида муносабатлар таранглашиб турган бир пайтда форс шоҳи жўнатган бу бебаҳо ҳадя Николай Биринчига манзур бўлган, бошланиши муқаррар бўлган яна бир катта уруш тўхтатилган эди.

Конгресс кунлари нафақат конгресс иштирокчилари, балки шаҳар аҳолиси ва бу шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон ана шу кўргазмаларга ташриф буюриши, боқий маданиятимиз намуналаридан баҳра олишлари мумкин.

Қувонарлиси, бу кўргазмалар конгрессдан кейин, ЖЧ-2018 пайтида ҳам давом этади. Бинобарин, чемпионат доирасида Питерга келган меҳмонлар, иштирокчилар ҳам ўзбек халқининг бой маданий мероси акс этган кўргазмаларга кириши, Ўзбекистон маданий меросининг ноёб намуналари ва албатта, ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо қўлёзмалари билан ҳам танишишлари мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1