​Санкт-Петербург — дунё шарқшунослик илмининг марказларидан биридир

МАДАНИЯТ 07.06.2018, 17:19
​Санкт-Петербург — дунё шарқшунослик илмининг марказларидан биридир

Аввал хабар қилинганидек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси давом этмоқда.

Конгресснинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов мазкур анжуман ҳақидаги мулоҳазаларини баён этди:

— Ўзбекистон маданий меросининг нодир дурдонларини бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида учратиш мумкин. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан халқимизнинг бой ва бетакрор маданиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Бугун Санкт-Петербургда ўтаётган ушбу халқаро конгресснинг мақсади ҳам ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.

“Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресснинг айнан шу гўзал шаҳарда ўтказилаётгани бежиз эмас. Зотан, Санкт-Петербургни Россиянинг маданий пойтахти деб бежиз номлашмаган. Қолаверса, бу шаҳар дунё шарқшунослик илмининг ҳам марказларидан биридир. Бугунги кунда шаҳар музейлари, кутубхоналари ва илмий муассасаларида Ўзбекистонга оид бўлган минглаб нодир экспонатлар, қўлёзмалар сақланмоқда. Уларнинг ҳали қанчаси ўрганилмаган, кенг жамоатчиликка маълум қилинмаган. Бугунги анжуман ана шу меросни янада кенгроқ тарғиб этиш, уни чуқурроқ англаш имконини беради.

Анжуман доирасида, дунёнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган олимлар билан бўлган мулоқот асносида, бундай илмий анжуманларни доимий асосда, дунёнинг турли мамлакатлари, турли шаҳарларида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Ўйлайманки, ана шу эзгу ишга ҳар биримиз қўлдан келганча ҳисса қўшсак, маълум маънода ўз халқимиз, Ватанимиз, аждодларимиз хотираси олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз.

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқимиз халқимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган оқилона сиёсатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошка бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1