Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот кутубхона марказига Туркия миллий кутубхонаси томонидан қимматли манбаа — Аҳмад Фарғонийнинг турк тилида нашр қилинган нодир китоби тақдим этилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган меморандумга асосан, мамлакатимиз вакиллари Анқарада бўлиб кутубхоналар фаолияти билан яқиндан танишган эдилар. Ана шу ижодий сафар самараси натижасида Аҳмад Фарғонийнинг асосий ноёб астрономик асари “Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва
жавомиъ илм ан-нужум” (“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”) вилоят ахборот кутубхона марказидан жой олди.

"Аҳмад Фарғонийнинг 1119 йилда ёзилган ушбу асари дунёда ягона нусха ва у Туркия миллий кутубхонасида сақланмоқда. Шу кунгача кутубхонамизда алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар, турли олимларнинг рисолалари бўлса-да, базамизда унга тегишли бирорта асар йўқ эди. Туркия миллий кутубхонаси билан бевосита ҳамкорлигимиз натижа берганидан ва таклифимиз қаноатлантирилганидан жуда хурсанд бўлдик. Турк тилидаги таржима китоби ахборот технологиялардан юқори унумда фойдаланилган ҳолда чоп этилган. Китобда асарнинг таржимаси билан биргаликда фото нусхаси ҳам келтирилади", - дейди вилоят ахборот кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов.
