1

Дунё аҳолиси кексаймоқда...ми?

ДУНЁ 02.07.2018, 12:24
Дунё аҳолиси кексаймоқда...ми?

Бугунги кунда сайёрамизда 7 миллиарддан ортиқ киши истиқомат қилади. Аҳоли сони кун сайин ўсмоқда. Бироқ глобал иқтисодиёт, сиёсат ва хавфсизликка аҳолининг сон ўзгаришлари эмас, сифат ўзгаришлари таъсир кўрсатади.

Яқин ўн йилликда жахон харитасида демографик ўзгариш кузатилиб, аҳоли ўсишининг 90 фоизи Африка, Осиё ва Лотин Америкаси ҳиссасига тўғри келади. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси кексайиб бормоқда ва шу билан бирга камайиб кетмоқда. Демографик инқироз нафақат Европада балки, Осиёдаги айрим мамлакатларда, жумладан иқтисодиётнинг ғарб моделини танлаган Жанубий Корея ва Японияда ҳам кузатилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 2050 йилда ер юзи аҳолисининг 22 фоизини пенсионерлар ташкил қилади. Ҳар бир сонияда икки киши ўзининг 60 ёшини нишонламоқда. БМТ прогнозларига кўра асримиз ўрталарига бориб, ер юзида 100 ёшдан ошган 3,2 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Бугунги кунда уларнинг сони 300 мингдан ошиб кетган. 2050 йилда аҳолининг ўртача ёши 76 ёшни, 2100 йилда эса 85 ёшни ташкил қилади. Бунга соғлиқни сақлаш тизимининг яхшиланиши, иқтисодий фаровонлик сабаб бўлади. Ривожланган мамлакатларда эса ҳар бир ишлаётган ходимга бир нафар пенсионер тўғри келади.

XVIII аср ўрталарида ер юзи аҳолисининг 20 фоизи Европада истиқомат қиларди. Саноат инқилоби юз бергач, “кўҳна қитьа” аҳолиси бирданига ошиб кетди ва Биринчи жаҳон уруши йилларига келиб тўрт баробар кўпайди. 1913 йилда Европа ва Шимолий Америка аҳолиси ер юзи аҳолисининг 35 фоизини ташкил қиларди. Ўшанда Европада Хитой аҳолисидан кўп аҳоли яшарди. Орадан ўтган 100 йил вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. XXI аср бошларида сайёрамиз аҳолисининг атиги 17 фоизи АҚШ, Канада ва Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келарди. 2050 йилга бориб бу рақам 12 фоизга тушиб қолиши айтилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда ер юзида 8,1 миллиард киши истиқомат қиладиган бўлса, асримиз ўрталарида бу рақам 9,6 миллиардга етади.

Авлодлар давомийлигини таъминлаш мақсадида бир аёлга ўртача 2,1 нафар бола тўғри келиши керак. 2011 йилда бу рақам 1,5 тани ташкил қилди. Энг юқори кўрсаткич Ирландияда (2,02), Францияда (1,96) ва Буюк Британияда (1,91) қайд қилинган. Барибир меъёрдагидек эмас. Қолган мамлакатлардаги кўрсаткич бонг уриш даражасида. Демографик вазият Жанубий ва Шарқий Европа мамлакатларида аянчли экани айтилади. Авлодлар давомийлиги билан боғлиқ аянчли вазият Германияда (1,41) ҳам кузатилмоқда. Мазкур статистикадан кўриниб турибдики, бир қатор Европа мамлакатлари халқларининг келажагини ёрқин деб бўлмайди. Агар туғилиш шу даражада давом этадиган бўлса, 40 йилдан кейин Европа мамлакатларининг аҳолиси 100 миллион кишига камаяди. 60 ёшдан ошган фуқоролар сони 47 фоизга кўпайиб, меҳнатига яроқли фуқоролар 24 фоизга камаяди. Бу, ўз навбатида, сайёрамизнинг олдинги қаторида турадиган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига, соғлиқни сақлаш соҳасига ва ҳарбий қудратига таъсир кўрсатади. Европа, АҚШ ва Канаданинг жаҳон Ялпи Ички маҳсулотидаги ҳиссаси 2050 йилда 30 фоиздан камаяди. Таҳлилчиларнинг айтишича, демографик муаммолар билан биргина Европа халқлари тўқнаш келаётгани йўқ. Тез орада Жанубий Корея, Япония, Сингапур ва ҳатто Хитой ҳам меҳнатга яроқли фуқороларга муҳтожлик сезади.

Биргина АҚШ муаммони бартараф этиши мумкин экан. Бу мамлакатда яқин-яқингача бир аёлга 2,4 бола тўғри келарди. Сўнгги икки йилда бу кўрсаткич анача пасайди. Бироқ “океан орти”га муҳожирларнинг кўплаб келиши бу муамони ҳал қилиш имконини беради.

“Учинчи дунё” мамлакатларида мутлоқо бошқача вазиятини кузатиш мумкин. Бу мамлакатларда ҳар 15 ойда аҳоли 100 миллион кишига кўпмоқда. Бугунги кунда 15 ёшдан кичик ҳар 10 нафар боланинг 9 таси ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. 2050 йилда жаҳон аҳолисининг 70 фоизи кам даромад кўрадиган 25 та мамлкатда истиқомат қилар экан. Жаҳон ёшларининг кўпчилиги иш топиш қийин бўлган мамлакатларда истиқомат қилиши бу давлатларнинг қашшоқлашувига, ғоявий жиҳатдан радикаллашувига ва жаҳонда янги “қайноқ нуқта”ларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Қашшоқ ва аҳолиси зич бўлган мамлакат халқларининг тараққий этган давлатларга кўчиб кетиши табиий ҳолга айланади. Муҳожирлар Европа мамлакатлари олдидаги муаммоларни ҳал қилувчи ягона омилга айланади. Бироқ муаммони ҳал қилишнинг бу омили ҳам бир қатор муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки муҳожирларнинг Европа жамияти билан интеграциялашуви муваффақиятсизликка учрамоқда. Бунга муҳожирларнинг ўзларининг аньана, урф-одат ва динларига содиқ қолаётгани сабаб сифатида кўрилади. Бироқ Европа муҳожирларга оид сиёсатидан воз кеча олмайди. Шу сабаб муҳожирларнинг Европага мослашиши йўлида миллиардлар эмас, балки триллионлаб евро керак бўлади. Муаммонинг ҳал қилинишининг иккинчи йўли бу – европалик аёлларнинг икки ва ундан ортиқ фарзанд кўришини тарғиб қилишдан иборат. Аммо бунинг деярли имкони йўқлиги айтилади.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1