1

Сувни исроф қилган фермер хўжаликлари ва фуқаролар жазога тортилди

ЖАМИЯТ 10.07.2018, 17:47
Сувни исроф қилган фермер хўжаликлари ва фуқаролар жазога тортилди

Самарқанд вилоятида фермер хўжаликлари томонидан сувдан самарасиз фойдаланиш, исроф қилиш каби ҳолатлар аниқланиб, тегишли таъсир чоралар кўрилмоқда, деб ёзмоқда "Зарафшон" нашри.

Ушбу назорат тадбирларида 864 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, 75 ҳолатда 15,2 гектар экин майдонларини кўллатиб суғориш, 29 ҳолатда 438 литр/секунд сувни коллектор-дренаж тармоқларига оқизиб қўйиш, 601 ҳолатда шартнома тузмасдан сувдан фойдаланиш, 7 ҳолатда белгиланган меъёрдан ортиқча сув олиш, 62 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан сув олиш, 61 ҳолатда сувни ўзбошимчалик билан эгаллаш, 2 ҳолатда ноқонуний балиқхоналар ташкил қилиб, сувни исроф қилиш аниқланди.

Масалан, Нарпай туманидаги "Нарпай олти ўғил далалари" фермер хўжалиги аъзолари каналга ўрнатилган гидропостни бузиб, белгиланган лимитдан 200 литр/секунд сувни ортиқча олган. "Хадича Араббой" фермер хўжалигида ғўзани суғориш учун ажратилган 100 литр/секунд сув коллектор-дренаж тармоғига ташлаб қўйилган. "Чинор дала пахтаси" фермер хўжалигида ғўзани суғориш учун берилган сув ўзбошимчалик билан эгалланиб, 1,5 гектар майдонга экилган тарвуз ва 1 гектар майдондаги карам пайкалига йўналтирилган.

Иштихон туманидаги "Умарова Рафоат" фермер хўжалигига қарашли 6,8 гектар пахта майдонини суғоришда сув назоратсиз қолдирилиб, катта миқдордаги обиҳаёт зовурга ташлаб қўйилган. Булунғур туманида яшовчи фуқаролар А.Эргашев ва С.Тошбоев эса "Бот-Бот" каналига ноқонуний равишда кичик насос ўрнатиб, пиёз майдонини суғорган. Тойлоқ туман ирригация бўлими назоратчиси Мусратулло Исаев Боғизоғон каналига қум тўлдирилган халталар ташлаб, сувни тўсиб олган. Пайариқ туманидаги "Туркибола замини" фермер хўжалиги аъзолари 8 гектар ғалла майдонига рухсатсиз сув қўйган, бунинг устига 0,15 гектар майдонни кўллатиб юборган.

Бундан ташқари, Ургутнинг Аваз мерган қишлоғида яшовчи Х.Сарваров юқори босимли сув қувурини ўзбошимчалик билан тешиб, томорқа ер майдонидаги экинларини суғорган. Пахтачининг Фай маҳалласида яшовчи фуқаро Нарпай каналига сув насос ўрнатиб, электр тармоғига рухсатсиз уланиб, томорқасига сув очган. Каттақўрғон туманидаги "Омон ота" фермер хўжалиги 8 гектарлик ғўза майдонини эътиборсизларча суғориб, 0,32 гектар майдонни кўллатиб юборган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида сувдан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган шу каби 60 нафар шахсга 15 миллион 573 минг сўм жарима жазоси қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил қишда ёғингарчиликнинг меъёрдан анча кам бўлгани сув таъминотида тақчилликни юзага келтирди. Жумладан, вилоятдаги сув омборларида захира сув ўтган йилдагидан 377 миллион метр куб кам тўпланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1