1

Газлида янги газ кони фойдаланишга топширилди

ЖАМИЯТ 16.07.2018, 10:49
Газлида янги газ кони фойдаланишга топширилди

Мамлакат нефтегаз соҳасида муносиб ўринга эга “Газлинефтгазқазибчиқариш” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги фойдаланилаётган конлар яна биттага кўпайиб, уларнинг сони 18 тага етди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўтган йили қазилган ва бундан олти ой илгари жиҳозланиши бошланган “Шимолий сузма” кони яқинда фойдаланишга топширилди.

Каттагина ерости бойлиги захирасига эга “Шимолий сузма” нинг олтита қудуғидан бир кеча-кундузда 900 минг кубометр газ қазиб чиқарилади. Ҳадемай, жиҳозланиши ниҳоясига етадиган еттинчи қудуқ ҳам ишга тушади. Табиийки, газ қазиб олиш миқдори янада ошади.

“Шимолий сузма” табиий гази таркибидан ажратиб олиниши шарт бўлган компонентлар мавжуд. Шунинг учун ҳам, у 32 километр наридаги “Учқир” олтингугуртдан тозалаш қурилмаси, яъни бошқа заводга узатилмоқда.

“Газлинефтгазқазибчиқариш” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Аброр Ражабовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ишлаб чиқилган 2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш дастурига мувофиқ, Газлида олтита инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Улардан иккитаси “Шимолий сузма” конини ўзлаштириш” ҳамда “Учқир” олтингугуртдан тозалаш қурилмасидан то “Газли” ерости газ омборигача бўлган масофада газ қувурини қуриш” лойиҳалари ниҳоясига етказилди.

Умумий узунлиги 46,3 километрдан иборат янги газ қувури келажакда ишга тушириладиган конлардан қазиб олинадиган “зангори олов” ни узатишга ҳам хизмат қилади.

Юқорида тилга олинган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 20 киши доимий иш билан таъминланди. Навбатда рўёбга чиқарилиши кўзда тутилаётган тўртта лойиҳа якунида эса яна 97 иш ўрни яратилади.

“Шимолий сузма” кони туфайли Учқир заводидан тортилган қувур орқали Газли ерости омборига бир кеча-кундузда етказиб берилаётган табиий газ миқдори 1,5 миллион кубометрга кўпайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1