Ўзбек халқида қадимдан айнан шундай мақол борлиги ҳаммамизга маълум. Лекин орамизда мазкур мақолнинг мазмунига тушунган ҳолда шошма-шошарликка йўл қўймаслик ҳақида ўз вақтида хулоса чиқариб олган шахслар кўп эмас.
17 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судида ҳозирда пушаймонликда ва виждон азобида юрган фуқаро И.С.ни Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан айбланган жиноят иши бўйича очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Сайёр судда туман жамоатчилик вакиллари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди.
Иш ҳужжатларига кўра И.С. ўзига тегишли транспорт воситасини бошқариб, эҳтиёткорлик чораларини кўрмасдан, ўз-ўзига ишониш оқибатида транспорт воситаси ҳаракати қоидаларини бузиб, йўл-транспорт ходисасига йўл қўйиб, қуйидаги ҳолатларда одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати қоидаларини бузиш жиноятини содир этган.
Хусусан, у 2018 йилнинг 5 май куни ўзининг бошқарувидаги транспорт воситасида ҳаракатланиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 2-боб 11-банди ва 11-боб 77-банди талабларига риоя этмасдан, транспорт воситалари ҳаракати қоидаларини бузиб, 55 ёшли фуқаро Қ.В.ни йўлни чапдан ўнг томонга пиёда кесиб ўтаётганлигини кўриб, ўзи аниқлай олиши имкониятидаги хавфни транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўрмасдан, пиёда Қ.В.ни транспорт воситасининг олд ўнг томони билан уриб юбориб, йўл-транспорт ходисасини содир этган. Натижада йўловчи Қ.В. олган тан жарохатлари билан туман шошилинч тез-тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган ҳамда олиб борилган даъволаш-муолажалаларига қарамасдан, 2018 йилнинг 16 май куни шифохонада вафот этган.
Судда судланувчи И.С. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, марҳум билан у тириклигида ярашиб олганлиги, ҳозирда чин кўнгилдан пушаймон ва афсусда эканлигини билдирди.
Судда жабрланувчи қонуний вакили Б.В. марҳум отаси судланувчини кечирганлиги сабабли унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
Албатта, И.С. ўз қилмишидан пушаймон, у ўзининг қилмишига яраша жазосини олди, лекин йўл-транспорт ходисаси натижасида бир нафар одам вафот этди.
Бошқа томондан, агар биз биргаликда мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашсак, транспорт воситаси ҳайдовчиси бўлган яқинларимизга “Йўл ҳаракати қоидалари”га сўзсиз риоя этишлари лозимлигини тушунтирсак, ҳар биримиз ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олсак, ўз фарзандларимизни, кекса ота-оналаримизни бундай нохуш ҳолатлардан ўзимиз ҳимоя қилган бўламиз.
Р.Зарипов,
Жиноят ишлари бўйича
Сўх туман судининг раиси






