1

Тошкентда уй-жойга муҳтож 118 нафар етим боланинг мурожаатидан 50 таси эътиборсиз қолган

ЖАМИЯТ 25.07.2018, 17:45
Тошкентда уй-жойга муҳтож 118 нафар етим боланинг мурожаатидан 50 таси эътиборсиз қолган

Тошкент шаҳрида 2016-2017 йиллар давомида уй-жойга муҳтож бўлган 118 нафар етим боланинг аризаси рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 50 таси бугунги кунга қадар ҳал этилмаган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Айрим ҳудудларда бундай болаларга ажратилаётган уйларнинг аҳволи яхши эмаслиги, эски ва нураб кетгани, кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг коммунал тизими носозлиги, яшаш шароити яратилмагани, шунингдек, ижарага берилганларининг шартнома муддатлари тугаши билан чиқариб юборилиши, хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ижтимоий ҳимоядаги болалар олдига кескин муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай ҳолатларга Тошкент шаҳрида, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида дуч келинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқий кафолатлари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ушбу муаммолар қаттиқ танқид қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Айни муаммолардан келиб чиқиб, давра суҳбатида бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қўмита томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг алоҳида ҳуқуқлари кафолатланишини белгилаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, соғлиғини тиклаши, уй-жой билан таъминланиши ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишига оид нормалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Энг муҳими, қонун лойиҳасида бундай болаларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалашда юридик хизмат ва суд ҳимояси каби тушунчалар киритилиб, янги механизмлар жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1