АсосийMadaniyat

Халқаро мақом санъати анжуманида 300га яқин хорижлик иштирок этади

'Халқаро мақом санъати анжуманида 300га яқин хорижлик иштирок этади'ning rasmi

2018 йил 16 август куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан “I Халқаро мақом санъати анжумани”га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида Ташкилий қўмита, Халқаро мақом санъати анжуманининг саралаш босқичи Ҳакамлар ҳайъати аъзолари, таниқли мақом ижрочилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда журналистлар халқаро тадбир бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Маълумки, мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорларига асосан ташкил этилмоқда.

Бугунги кунгача, дунённиг 70 дан ортиқ давлатидан 300 га яқин иштирокчилар тадбирда қатнашиш истагини билдирган. Хусусан, 29 давлатдан 162 нафар ижрочилар ўз санъатларини намоён этмоқчи бўлса, 20 та давлатдан илмий-амалий конференцияда қатнашиш учун мурожаат келиб тушган. Бундан ташқари, 8 та давлат вакиллари Ҳакамлар ҳайъати аъзолигига киритилган бўлса, 19 та давлатда ўтказиладиган турли даражадаги фестиваллар директорлари ҳам қатнашишни ният қилган. 17 та давлат эса меҳмон сифатида иштирок этмоқчи. Халқаро анжуманни ёритиш мақсадида 30 та давлатдан 40 га яқин оммавий ахборот воситалари вакилларининг келиши кутилмоқда.

Халқаро анжуманни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг 2018 йилнинг 7 август куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари иштирокида Халқаро мақом санъати анжумани Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Унга кўра, Матбуот маркази фаолиятига раҳбарлик қилиш, унинг ишини мувофиқлаштириш вазифаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига юклатилди.

Матбуот маркази томонидан анжуманни кенг ёритиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқилди ва амалга татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, Марказ фаолиятини тезкорлик билан ташкил қилиш, ОАВни анжуман ва мавзуга оид материаллар билан таъминлаб бориш мақсадида анжуманнинг www.maqomfourm.uz расмий сайти, Telegram ижтимоий тармоғида журналистлар учун алоҳида https://t.me/pressmaqom гуруҳи ташкил қилинди.

Шунингдек, Матбуот анжуманида ёш ижрочилар ва санъат усталари томонидан миллий мақом санъати намуналари ижро этилди.

Бошқа янгиликлар