Нафақат ёш киноихлосмандлар, балки катталарни ҳам ўзининг ғаройиб роллари билан ром этган Эндрю Рассел Гарфилд (Andrew Russell Garfield) 35 ёшни қаршилади, дея хабар қилмоқда Мixnews нашри.
Лондоннинг Нутқ ва драма марказий мактабида таҳсил олган Эндрю ўзинниг карьерасини театр ва телевидениедан бошлайди. Катта экрандаги илк ролини эса “Қўзичоқлар учун арслон” фильмида ижро этади.
Кейин “Болакай А” фильмидаги роли унга BAFTA мукофотини олиб келади.
2010 йили “Ижтимоий тармоқ” ва “Мени қўйиб юборма” фильмларида суратга тушган Гарфилд кенг оммага танила бошлайди.
Аммо ҳақиқий машҳурлик ҳали олдинда эди. Марк Уэббнинг “Янги ўргимчак одам” дилологиясида бош қаҳрамон Питер Паркернинг ролини қойилмақом ижро этган Эндрю Гарфилдни магҳур режиссёрлар Мэл Гибсон ўзининг “Виждон амри ила” ҳарбий драмасида, Мартин Скорсезе эса ўзининг “Сукут” диний-фалсафий картинасида бош ролга таклиф этади. Урушда қўлига қурол олишдан бош тортган Десмонд Досс роли учун Эндрю “Оскар”, “Олтин глобус” ва BAFTA киномукофотларида “Энг яхши актёр” номинацияларига қўйилади.
Яқинда Эндрю Гарфилд режиссёр Энди Сёркисснинг “Биз учун нафас ол” номли мелодрамасида тўшакка михланиб қолган саргузаштталаб Робин Кавендишнинг ролини ижро этди.
Нима ҳам дердик, иқтидорли актёр Эндрю Гарфилддан катта-катта кинолойиҳаларда ғаройиб ва қизиқарли роллар ижро этишини кутиб қоламиз.






