Қозоғистоннинг Темиртау шаҳридаги болалар боғчаларидан бирида 50 ёшли боғча тарбиячиси тушликдан кейин ухлашни хоҳламаган қизчани бўғди. Тарбиячига нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар берди Tengrinews.
Видео кадрлардан аёл йиғлаётган боланинг устига адёлни тортиб, бўйини қўли билан маҳкам қисганини кўриш мумкин. Ушбу тасвир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини даҳшатга солди ва улар томонидан минглаб изоҳлар қолдирилди.
Қарағанда вилояти Ички ишлар департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, гумонланувчи қўлга олинган. Ушбу ҳолат бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-модда 2-қисми билан судга қадар тергов бошланди.
Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда. Экспертизалар белгиланган.






