АсосийMadaniyat

Маданият вазири Япония санъат делегацияси билан учрашди (фото)

'Маданият вазири Япония санъат делегацияси билан учрашди (фото)'ning rasmi

Бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Кото мусиқий асбоби ижрочиси Ивамото Кёке раҳбарлигидаги Япония санъат делегацияси билан учрашди.

Учрашув ниҳоятда самимий ва таассуротларга бой бўлди. Мулоқотлар давомида делегация раҳбари вазирга айнан “Халқаро мақом санъати анжумани” доирасидаги фестивал саҳнасида япониялик рассомлар томонидан чизилган сакура дарахти ва аждар суратларини тақдим этди.

Шунингдек, Ивамото Кёке иккита япон миллий мусиқа асбоби Котони ва унга қўшиб яна Токио минораси рамзи бўлган эсдалик совғаларни ҳам тақдим қилди. Энг қизиғи, япон санъат делегацияси раҳбари вазирдан Котони чалиб кўришни илтимос қилди. Вазир эса буни бажонидил қабул қилиб, хорижлик мусиқачилар ёрдамида Котодан мусиқа чалди. Бу эса меҳмонларнинг хурсандчилигига сабаб бўлди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б. Сайфуллаев ҳам мазкур ҳурматга жавобан ўзбек миллий чолғу асбоби бўлган созни, Шаҳрисабз тасвири ва “Халқаро мақом санъати анжумани” ёзуви туширилган лаганларни ҳамда юртимиз тарихига оид расм альбом шаклидаги китобларни япониялик санъаткорларга совға қилди. Бу меҳмонларни янада қувонтирди.

Учрашув давомида вазирнинг илтимосига биноан япониялик хонанда қиз ўзбек миллий қўшиғи ҳисобланган “Сунбула”ни ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шундан сўнг ҳар икки давлат санъати ва маданияти оламида келгусида мустаҳкам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Бугун фестивалнинг сўнгги куни. Тадбирлар эса давом этмоқда.

Бошқа янгиликлар