1

​Деҳлида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

МАДАНИЯТ 21.09.2018, 17:07
​Деҳлида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида Деҳлидаги Лал Баҳодур Шастри хотира мажмуасида 10 томлик “Ўзбекистон маданий мероси дунё санъат хазиналарида” китоблар туркумининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Деҳли шаҳрида ташкил қилинган халқимизнинг бой маданий меросига бағишланган китоблар тақдимоти тадбирлари Лал Баҳодур Шастри мажмуасида бошланганида рамзий маъно бор.

Мамлакатимизда мустақил Ҳиндистоннинг иккинчи Бош вазири номини чуқур ҳурмат билан эслашади. Нафақат ёши улуғ инсонлар, балки ёш авлод вакиллари ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги 1966 йилги тарихий декларация Тошкентда имзоланганидан фахрланади.
Бугун Тошкентда Лал Баҳодур Шастри ёдгорлиги қад ростлаб турибди. Шунингдек, пойтахтимиз кўчаларидан бирига ҳинд халқининг буюк фарзанди номи берилган.

Машҳур Бош вазир фарзанди Анил Шастри бугун Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик жамиятига раҳбарлик қилмоқда. Таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар, журналистлардан ташкил топган Дўстлик жамияти аъзолари ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ҳиндистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Анил Шастри, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга биринчи давлат ташрифини икки мамлакат халқлари катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади. Ташриф давомида бўлиб ўтадиган учрашув ва музокаралар Марказий ва Жанубий Осиёнинг икки йирик давлати ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришда янги истиқболлар очишига ишонч билдирилди.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё санъат хазиналарида” туркумидаги китоблар халқимизнинг хориждаги машҳур музейларда сақланаётган бой ва бетакрор маданий-маърифий мероси намуналари ҳақида ҳикоя қилади.

Мазкур лойиҳанинг ташаббус гуруҳи аъзолари таниқли ўзбек ва ҳинд олимлари билан ҳамкорликда Ҳиндистоннинг йирик музей, кутубхона ва бошқа хазиналарида сақланаётган илмий-маданий мерос намуналарини ўрганишмоқда. Илмий изланишларнинг натижалари туркумнинг янги бобларига киритилади.

Мазкур китоблар туркуми Деҳлидаги Жаваҳарлал Неру университети, Жамия Миллия университети, Жоме масжиди ва Ҳиндистон ислом маданияти марказида ҳам ташкил этилади.

25 сентябрь куни Ҳиндистон Миллий музейида “Ҳиндистон-Ўзбекистон: маданиятлар мулоқоти” қўшма кўргазмаси очилади. Тадбир 24 октябргача давом этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1