1

Олий суднинг расмий веб-сайти «Адолат қўрғони»га айланади

ЖАМИЯТ 25.09.2018, 17:49
Олий суднинг расмий веб-сайти «Адолат қўрғони»га айланади

Президентимизнинг 2017-йил 30-августдаги «Судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида суд тизимида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб-сайти ишлаб чиқилгани ва амалиётга татбиқ этилаётгани замонавий технологияларни суд- ҳуқуқ тизимига кенг жорий этиш борасидаги муҳим қадам бўлди.

Бугун Олий суд Пленуми залида Олий суднинг янги расмий веб-сайти ва ундаги интерактив хизматлар тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон давлатларининг элчилари, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг элчихоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камилов очиб берди.

Аввало, тадбирда Олий суднинг янги расмий веб-сайти ва унда фуқаролар учун яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.

– www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz манзилларида жойлашган Олий суднинг сайти қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, суд фаолиятини очиқ ва шаффоф бўлишини назоратга олиш, суд фаолияти самарадорлигини ошириш, суд иштирокчилари учун қулайлик ва имкониятлар яратиш учун хизмат қилади. Аслида, бизнинг сайтимиз 2015-йилда ишлаб чиқилган эди. 3 йил ичида суд-ҳуқуқ тизимида катта ислоҳотлар рўй бергани сабабли замоннинг ўзи янги ёндашув асосида ишлашни вазифа қилиб қўймоқда. Шунга кўра, янги форматдаги сайтимизда жуда кўп ўзгаришлар, янгиликлар қилинган. «Суд статистикаси» бўлими, «Норматив ҳужжатлар лойиҳалари» бўлими, «Инфографикалар» бўлими, «Ҳуқуқий адабиётлар» бўлими, «Интерактив хизматлар» бўлими, «Давлат божи калкулятори» бўлими, хуллас, буларнинг барчаси халқ билан алоқа ўрнатиш, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишини олдини олиш, суд ходимларини ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилиш ҳолларига чек қўйиш учун ишлаб чиқилган, – деди Олий суд Матбуот хизмати раҳбари М.Эргашев.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг интерактив хизматлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Маълумки, Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида фуқаролик ишлари бўйича барча судларда кенг жорий этилган Э-СУД миллий электрон судлов ахборот тизими фуқароларга бир қатор қулайликлар яратиш билан бирга соҳа фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Эндиликда ушбу тизим орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга, суд мажлисларининг жадвали, суд мажлисининг куни ва вақти ҳақида электрон хабардор бўлиш, барча суд қарорлари билан танишиш имконияти пайдо бўлди.

Тадбирнинг энг муҳим ва асосий қисми Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан амалга жорий этилган дунёда биринчи марта доимий ишловчи – суд мажлисларининг онлайн трансляциясини жорий этиш тақдимотига бағишланди.Бу дегани Олий суднинг веб-сайти орқали суд мажлисларини бевосита тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир.

Албатта, суд мажлисларининг онлайн трансляцияси фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилади.

Ҳозирда ушбу тизим Хоразм, Наманган, Сурхондарё вилоятларидаги 12 та судларга ўрнатилган ва ишга туширилган.

Ушбу тақдимот сўнгида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Леора Спратлен хоним ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистонда суд тизимида очиқлик сиёсатининг амалга оширилиши адолатли ҳаётни таъминлашини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, мазкур веб-сайтнинг яратилиши Президентимиз айтганларидек, фуқароларнинг халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода «Адолат қўрғони»га айлантиришда муҳим босқич бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1