1

Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видероликлар танлови ғолиблари аниқланди

ЖАМИЯТ 25.09.2018, 20:51
Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видероликлар танлови ғолиблари аниқланди

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёшлар медиа маркази ҳамкорлигида «Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли филмлар ва видероликлар танлови» эълон қилинган эди.


Унда 30 ёшгача бўлган 130 нафардан ортиқ профессионал ва ҳаваскор ёшлар ижтимоий ролик, қисқа метражли фильм ва адабий-бадиий сценарийлар тақдим этди. Қабул қилинган роликларда аждодларга эҳтиром, миллий қадриятлар, «Замонамиз қаҳрамони», «Бу – менинг Ўзбекистоним», «Ёшлар – келажагимиз» ғоялари акс этди.

Талабгорлардан лойиҳалар 2018-йилнинг 5-25-август кунлари қабул қилинди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосасига кўра, 8 нафар профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар ғолиб деб топилди. Қисқа метражли фильмлар (профессионал) йўналиши бўйича 1-ўринни Шокир Холиқовнинг «Чой» филми, 2- ўринни Марс Ўринбосаровнинг «Сабоқ» филми, 3-ўринни Равшан Нурмуҳаммедовнинг «Устоз» филми қўлга киритди.

Ижтимоий роликлар (профессионал) бўйича Равшан Нурмуҳаммедовнинг «Ёш тадбиркор» ролиги, Ижтимоий роликлар (ҳаваскор) бўйича Нурмухаммед Жумағуловнинг «Келажак эгасининг илтимоси» ролиги ғолиб бўлди.

Сценарийлар (профессионал) йўналишида эса Муҳаммадхон Юсуповнинг «Ўзбекой» номли сценарийси 1-ўринга, Отабек Йўлдашевнинг «Кичкина» номли сценарийси 2-ўринга, Азизбек Қурбоновнинг «Муаллим» номли сценарийси 3-ўринга муносиб кўрилди. Мазкур танлов энди ҳар йили ўтказилиб, ёш истеъдод соҳиблари ижодини қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг лойиҳалари асосида яратилган фильмларни маҳаллий ва нуфузли халқаро кинофестивалларга тавсия қилиб боради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1