1

22 ёшли товламачи қиз қўлга олинди

ЖИНОЯТ 28.09.2018, 13:21
22 ёшли товламачи қиз қўлга олинди

Ўз манфаати йўлида ўзгаларни қўрқитиб, пул ундиришни касб қилганлар ҳақида сўз бораркан, одатда, улар ўрта ёшли аёл ёки эркак образида тасаввур қилинади. Бироқ Ғиждувонлик фирибгар қиз 22 ёшда. Ва бу унинг биринчи жинояти эмас.

Лаққа балиқ тўрга илинди!

ЖКнинг 165 – моддаси, 2 – қисми, «а» банди билан айбланган Муниса Акромова (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилди) 1996 йили Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти ўрта–махсус. Турмушга чиқмаган. Муқаддам судланган.

М. Акромова 2017 йилнинг октябрь ойларида Шофиркон тумани марказида Азиз исмли йигит билан танишиб қолади. Азиз туман марказидаги тайёрлов курсида ўқиши, онаси юрак касаллигига чалингани ҳақида қизга сўзлаб беради. Муниса ўзини йигитга яқин тутиб, у ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни мақсад қилади. Режасига кўра, А. Шодмонов пул ундириш учун қулай номзод эди.

2017 йил октябрь ойи охирларида М. Акромова, Азиз билан телефонда гаплашиб унга «Гулчеҳра» исмли қизнинг рақамини беради. Азиз у қиз билан қўнғироқлашади ва бир марта учрашади. Эртасига эса М. Акромова йигитга қўнғироқ қилиб «Гулчеҳранинг тўйи бўлиши керак эди. Аммо сен билан гаплашгани учун тўйи бузилди», дейди ва бу масалада жанжал чиқмаслиги учун 1 000 000 сўм талаб қилади.

— Айтилган пулни берсанг, бу масалани ўзим ҳал қиламан. Йўқса, Гулчеҳра билан маҳаллангга бориб, ота–онанг олдида шарманда қиламиз, – дейди. Мунисанинг дўқ–пўписаларига чув тушган йигит ўзини қандай оқлашни билмай, сўралган пулни келтиради.

— Бори шу, – дейди Азиз 920 000 сўм ва битта «Lenovo» русумли уяли телефон аппаратини Мунисага узатиб. М. Акромова айтилган пул тўлиқ келтирилмаганидан норози кайфиятда эканини яширмаса-да, йигитни ноумид қилмайди ва бу масала ҳал қилинишини айтиб, пулни қабул қилиб олади.

— Ётоқхонамдаги жавон тагида турган 250 000 сўм пул жойида йўқ. Уни сен олгансан.

— Нималар деяпсан, мен олганим йўқ, туҳмат бу, – дея ўзини оқлашга уринаётган йигитни қиз гапиришга қўймайди.

— Ё менга 200 АҚШ доллари топиб берасан ёки сени ўғирликда айблаб, қаматиб юбораман. Ҳозирнинг ўзидаёқ устингдан ёзиб беришим мумкин.

А. Шодмонов Муниса учун лаққа балиқ эди. Қиз йигитнинг ҳар қадамини пойлар, қаерда, ким билан учрашаётганини яхши биларди. Хусусан, 2017 йилнинг октябрь ойида Шофиркон туман марказидаги «Истироҳат боғи»да жанжал келиб чиққанидан хабар топган Муниса у ерда Азиз ҳам бўлганини билиб қолади. Қулай вазият пайдо бўлганидан фойдаланиб қолишни ўйлаб, йигитга қўнғироқ қилади.

– Боғдаги жанжалда сен ҳам бўлганингни биламан. Агар 300 000 сўм пул бермасанг, бу ҳақида ИИБдаги танишларимга айтиб, сени қаматаман.

А. Шодмонов жанжалга аралашганми-йўқми, буниси номаълум. Аммо у қизнинг сўзларидан қўрқиб, сўраган пулини беради.

Шу йилнинг ноябрь ойи бошларида А. Шодмонов Мунисанинг уйига келиб, ундан уяли телефон аппаратини қайтариб беришини сўрайди. Ўз оёғи билан кириб келган йигитдан яна бир марта фойдаланиб қолишни режа қилган қиз бу сафар уни ўғирликда айблайди.

Товламачининг тузоғига тушган, вояга етмаган А. Шодмонов шу тариқа М. Акромованинг барча талабларини бажаради. Учинчи маротаба ҳам пул топиб келтирган йигит бу ишларнинг охири кўринмаётганини фаҳмлаб, ички ишларга ариза билан мурожаат қилишга ўзида куч топади. А. Шодмоновнинг аризасига кўра, М. Акромова ҳибсга олиниб, жинояти фош этилди.

Муқаддам судланган Муниса Акромова ЖКнинг 165 – моддаси, 2-қисми, «а» банди билан айбли, деб топилиб, унга 5 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суд ҳукми кучга киргач, судланувчи М. Акромовадан жабрланувчи А. Шодмонов фойдасига 3 713 524 минг сўм моддий зарар ундирилиши тайинланди.

М. Акромова энди ҳам эс–ҳушини йиғиб олмас экан, содир этган жиноятлари бир умрлик ҳаётини издан чиқаради. Афсуски, у булар ҳақида ўйламади. Ачинарлиси, уни не–не орзу–умидлар билан вояга етказган ота–онасининг боши эгилди. Лекин ҳали вақт бор. М. Акромова тўғри йўлга қайтиши, ҳалол меҳнат қилиб пул топишни ўрганиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати ва жиноят ишлари бўйича

Шофиркон туман суди раиси Жамол Жуманиёзов билан ҳамкорликда тайёрланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1