Куни кеча пойтахтимизда Озарбайжон элчихонаси ҳамда Гайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази кўмагида аккредитациядан ўтказилган ташкилот —халқаро ўқув маркази GRBS: registeredнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Дипломатик корпус вакиллари, юқори мартабали меҳмонлар иштирок этишди.

Тадбирни Озарбайжон Республикасининг Юртимиздаги элчиси жаноб Ҳусейн Гулиев очиб берди ва GRBS: registered раҳбари Баҳром Қурбонов сўзга чиқиб ўқув-синов марказининг фаолияти ҳақида ташриф буюрганларга маълумот берди.

- GRBS: registered бу — илмий-маърифий марказ бўлиб, ўз фаолиятини 2005 йилда бошлаган ва дунёнинг кўплаб ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Ўқув маркази кўплаб соҳалар бўйича кадрлар тайёрлайди, жумладан, бухгалтерия, лойиҳаларни ташкиллаштириш, меҳнат муҳофазаси, информацион технологиялар каби йўналишлар бўйича. Турли соҳаларда ва хорижий тиллар бўйича 300 дан ортиқ профессионал тренинглар ўтказилади. Сўнгги 8 йил давомида GRBS: registered Озарбайжоннинг тўртта шаҳрида IELTS тест синовларини профессионал даражада ташкиллаштирган, — дейди Баҳром Қурбонов.
- Ўтган йиллар давомидаОлий ўқув даргоҳи — International Business Schoolнинг ташкил этилгани ташкилотнинг муваффақияти ҳисобланади. Ушбу аккредитациядан ўтган Халқаро ўқув марказининг Тошкентда очилиши икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди, ижтимоий-маданий алоқаларни янада ривожланишига ва халқаро тоифадаги мутахассилар ёрдамида халқаро лойиҳаларнинг Ўзбекистонга тезроқ илдиз отишига кўмак беради деган умиддамиз.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ўқув марказида ўқиш учун Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига махсус бонуслар ташкил этилади. Тадбирда иштирок этганлар учун ўқув маркази бўйлаб экскурсия ҳам уюштирилди.
Дилфуза Собирова
Фотограф: Максад Жангиров






