Парижда “Шашмақом” кечаси ўтказилди

МАДАНИЯТ 06.10.2018, 11:31
Парижда “Шашмақом” кечаси ўтказилди

Францияда “Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари” доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, санъат кечалари ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда ЎзА.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиеванинг Париждаги “De la Ville“ театрида ташкил этилган концерт дастури юртимиз миллий санъати жозибасини намойиш этгани билан санъат ихлосмандларига манзур бўлди.

Концерт “De la Ville“ театри продюсери, мусиқашунос Соудабеҳ Кия томонидан ташкил этилди. У мамлакатимизда ўтказилган “Шарқ тароналари“ халқаро мусиқа фестивалларида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган, мақом санъати бўйича тажрибали мутахассис ҳисобланади.

Концертга ушбу мамлакатнинг маданий, академик доиралари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. “Дугоҳ“, “Сараҳбори оромижон“, “Муножот“ каби мақом санъати дурдоналари, мавригилар ҳамда халқ ашулаларидан тузилган бир ярим соатлик концерт дастури парижликлар эътирофига сазовор бўлди.

– Французлар санъатга ошуфта халқ. Шаҳар аҳли миллий оҳангларимизни завққа тўла олқишлар билан кутиб олди, – дейди Юлдуз Турдиева. – Концертга келган санъат мухлислари Буюк ипак йўлининг нафаси ва жозибаси сифатида “Шашмақом”ни жон дилидан тинглади.

Мусиқа халқларни бирлаштиради, ҳақиқий санъат макон ва сарҳад танламайди. Бунга Парижда ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари янграган ушбу мақом кечаси мисолида яна бир бор амин бўлиш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1