АсосийJamiyat

Миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаган форум

'Миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаган форум'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган Ўрта Осиё ёшларининг халқаро «Дўстлик» форуми қўшни давлат ёшларининг ўзаро тажриба алмашишлари, турли глобал муаммолар устида биргаликда ечим излашлари учун янги имконият эшикларини очмоқда.

Мазкур форумга Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон мамлакатларидан жами 22 нафар ёшлар иштирок этишмоқда. Термиз халқаро аэропортида тантанали кутиб олинган Ўрта Осиё ёшлари Термиз шаҳридаги халқаро ёшлар оромгоҳига жойлашишди. Сўнг улар учун Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган Термиз археология музейи бўйлаб экскурсия уюштирилди. Танишув оқшомида эса турли миллат ёшлари ўзларининг қизиққан соҳалари ва олиб бораётган фаолиятлари тўғрисида фикр алмашишди.

Форумнинг очилиш маросими Термиз шаҳридаги «Ёшлар маркази» биносида бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Д.Каттаханова, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т.Боболов мамлакатда ёшларга қаратилаётган эътибор, миллатлараро тотувлик, маданий алоқалар ривожининг муҳим жиҳатларига тўхталиб, форум иштирокчиларини «Дўстлик байрами» билан самимий қутлади. Шундан сўнг, ёшлар Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига ташриф буюрдилар.

Айни вақтда марказда 122 нафар афғонистонлик ёшлар таълим олишмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф афғонистонлик ёшларнинг тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашишлари, турли мавзуларда мулоқотга киришишларида айни муддао бўлди.

– Очиғи, бу таълим маркази бизни лол қолдирди. Марказда яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, турли тўгараклар – барчаси энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Афғонистонлик тенгдошларимизнинг қилган ишлари, яратган санъат асарлари эса бизни янада ҳайратлантирди. Бу таълим маркази мамлакатингизда қардош миллат вакилларига кўрсатилган ҳурматнинг яққол намунасидир, – дейди қозоғистонлик Бўлатбек Уалихан.

Форум иштирокчилари учун Тарихий «Исломхўжа» филмининг намойиши ҳам ташкил этилди.

– Термиз шаҳридаги таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат, «Мақом, бахшилик кечаси», «Миллий рақслар фестивали» каби турли маданий дастурлар ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Ш.Олимов. – Мақсадимиз қўшни мамлакатлар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларда ёшларнинг фаоллигини янада ошириш ва энг асосийси, форум ёшларининг ўзбек миллий маданияти меросидан баҳраманд қилишдир.

Эслатиб ўтамиз, форум доирасида Ўрта Осиё ёшлари ўртасида архитектура, экология, фан ва таълим йўналишлари бўйича илмий-амалий конференциялар ҳам ташкил этилади. Анжуманларда ҳар бир давлат вакили ўзи тайёрлаб келган махсус тақдимот билан иштирок этади.

    Бошқа янгиликлар