1

Ёшлар етакчиси Фарғонада: Кредит, волейбол майдони ва махаллий тадбиркорга буюртмалар

ЖАМИЯТ 13.10.2018, 19:20
Ёшлар етакчиси Фарғонада: Кредит, волейбол майдони ва махаллий тадбиркорга буюртмалар

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев жойларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш, ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг таклифларини ўрганиш мақсадида 11 октябрь куни Фарғона вилоятига хизмат сафари билан борди.

“Армия ва ёшлар” фестивалида

Ташриф давомида Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда ўтказилган “Армия ва ёшлар” фестивалида иштирок этди. Ёшлар етакчиси фестивал доирасида ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шу билан бирга ҳарбий қисмдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси билан суҳбатлашди. 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этган тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она ватанга садоқат билан хизмат қилишга хизмат қилди.

Фарғоналик ёшлар ғояларга бой

Сўнг Қўқон шаҳридаги тадбиркорлар коворкинг марказида вилоятнинг барча туман, шаҳар сардорлар Кенгаши аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда сардорлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ёшлар етакчиси фарғоналик ёшларнинг фикрларини диққат билан тинглади.

Сардорлар ўз лойиҳаларида ўқувчиларнинг дарс машғулотларига қатновини назорат қилиш бўйича “Жасорат” клублари, “Ёшлар театр студиялари”ни ташкил қилиш, спорт усталари билан ёшларнинг маҳорат сабоқларини ўтказиш ҳамда ўқувчилар ўртасида инновацион олимпиадалар ташкил этиш каби таклифлар билан чиқишди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят Кенгаши ходимларига вилоятда тажриба сифатида юқоридаги йўналишларда янгичалойиҳаларни амалга ошириш, лойиҳа ғолиблари бўлган ёшларни чет давлатларга ўқиб, малакасини оширишлари учун жўнатиш юзасидан ишларни ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Спорт мажмуаларига абонементлар текин тарқатилади

Бугун эса ёшлар етакчиси Фарғона вилоятида спорт тадбирларига қай даражада эътибор берилаётгани билан танишиш, спорт майдонларини бориб кўриш мақсадида эрта тонгда Фарғона вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюрди.

У ерда спорт майдонини тўлдириб, эрталабки бадантарбия машғулотларини бажараётган болалар ваФарғона шаҳар “Нефтчи” профессионал футбол клуби тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби яшил майдонда тўп сураётган футболчи ёшларнинг муросасиз ўйинини кузатди.

Ёшлар етакчиси Фарғона вилоятининг спортга масъул ходимлари биланҳам учрашиб, барча мактаблар, олий ўқув юртлари, академик лицей ва коллежларнинг спорт залларидан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Аниқ жадвал асосида спорт залларини ўша ҳудудда яшовчи аҳолига ҳам тақдим этишга келишиб олинди. Энди аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш учун бепул абонементлар тарқатилади. Улар спортнинг бир неча турлари билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлишди.

Қувадаги 61-мактаби волейбол майдони билан жиҳозланади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев Фарғона вилоятининг Қува туманидаги 67- ва 61-мактабларга бориб, мактаб спорт заллари, у ерда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.

61-мактабнинг волейбол майдонини кўздан кечириб, ўқувчиларнинг волейбол спорт тури билан шуғулланишлари учун тўсиқ бўлаётган волейбол майдонидаги камчиликларни бартараф қилиш учун керак бўладиган жиҳозларни олиб беришини таъкидлади.

61-мактаб ўқувчиларига спорт анжомлари ва китоблар совға қилди.

Ёшлар етакчиси жисмоний тарбия ўқитувчилари билан учрашиб, мураббийларга ўқувчилар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Қувада пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорга яна ёрдам берилади

Ёшлар етакчиси Қува туманида ёш тадбиркор Аброр Ашуров билан учрашди. Аброр Ашуров «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури доирасида имтиёзли 150 миллион сўм кредит олиб, яқиндагина пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди.

Ҳозирда у ишлаб чиқарган пайпоқларнинг ўз харидорлари бор. Ёшлар етакчиси ёш тадбиркорнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу кичик корхонада ишлаётган ёшлар билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан қизиқди.

Ёшлар етакчиси Аброр Ашуровнинг келгусидаги режаларини тинглаб, унинг тадбиркорлигини кенгайтириши учун кўмак беришини таъкидлади. Ёш тадбиркорга яна маълум микдорда кредит ажратилиб, қўшимча - шапка ва жемфер ишлаб чиқариши учун янги бино берилиши бўйича мутасадди ходимлардан ёрдам курсатиш суралди. Агар мазкур ишлар амалга оширилса, Аброр Ашуров яна 70 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш учун ҳисса қўшган бўлади.

Қувасой туманида ёш тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди

Фарғона вилоятининг Қувасой туманида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар Дилмурод Раҳмонёров ва Аҳлиддин Фахриддиновлар билан учрашган ёшлар етакчиси улар билан суҳбатлашди.

Дилмурод Раҳмонёров «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури доирасида 350 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлаган ёшлардан бири. У ҳозирда шлакаблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Ёшлар етакчиси тадбиркорнинг корхонасига ташриф буюриб, шлакаблок ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди ва тадбиркорлардан уларнинг фаолиятида учраётган тўсиқлар,муаммолар билан қизиқди.

Ёшлар етакчиси тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни бозорда ўз харидорларини топиши учун керакли ёрдамни бериш бўйича туман ҳокимига топшириқ берди.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган мазкур ишлар уларнинг бизнес майдонида оёққа туриши, ишлаб чиқарган маҳсулотларининг жаҳон бозорида ўз ўрнини топиши учун кўмак беради.

Маҳаллий тадбиркорга «Фидойи ёшлар» отряди аъзолари учун 1000 тўплам чинни идиш буюртма қилинди

Марғилон шаҳридаги «Боқий қурилиш» масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, у ерда чинни буюмларнинг ишлаб чиқарилиш жараёнини кузатган ёшлар етакчиси 300 миллион кредит олиб фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркор орхонасида бугунги кунда 30 нафар ходим ишлаётганига гувоҳ бўлди.

Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган чинни буюмларнинг юқори сифати, тиниқ кўриниши, моҳир қўллар яратган мўъжизавий асарнинг ҳақиқий баҳосини англаган ёшлар етакчиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи номидан 1000 тўплам чинни буюмларга буюртма берди.

Энди мазкур идишлар пахта далаларида юртимиз хирмонига ҳисса қўшаётган «Фидойи ёшлар» отрядининг энг фаол ва меҳнаткаш аъзоларига совға сифатида тақдим этилади.

Ёшлар етакчиси фарғоналик мактаб директори ва етакчиларнинг билимидан қониқдими?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қ.Қуранбоев Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғида мактаб директорлари ва 33 нафар етакчи билан учрашди. Ёшлар етакчиси ўқитувчи ва етакчиларнинг ижтимоий-сиёсий билимлари қай даражада эканини текшириш мақсадида уларга саволлар билан мурожаат қилди.

Ёшлар етакчиси директорлар ва етакчилар ўзларининг ортидан минглаб ўқувчиларни эргаштира олиши учун чуқур билимга эга бўлишлари кераклигини таъкидлаб, уларнинг бадиий адабиёт вакилларини билмаслиги, сиёсий саводхонлиги паст эканлигини танқид остига олди ва бир таклифни ўртага ташлади. Барча директор ва етакчилар бир ой ичида юртимизда фаолият юритаётган давлат ташкилотлари ва уларнинг раҳбарлари ҳақидаги маълумотларни мактабдаги Маънавият хоналарига илиб қўйиши ва бу орқали нафақат ўзларининг, балки ўқувчиларнинг ҳам сиёсий билимининг ошишига ҳисса қўшишини таъкидлади. Ўқувчиларга сиёсий, жисмоний, маънавий таълимни намунали даражада бера олган директор ва етакчиларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли Термиздаги “Амударё” ва Бўстонлиқдаги “Ёшлар” оромгоҳида ташкил этиладиган ўқув семинарларига таклиф қилишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг Эркин Воҳидов ижодкорлар боғида жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилоят бўлимида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбир учун айнан мана шу маскан танланиши бежизмас. Бундан асосий мақсад ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдод эгаларига алоҳида эътибор қаратишдир.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари, Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, туман ва шаҳар Халқ таълими бўлими бошлиқлари иштирок этишди. Ижодкорлар фаолиятига қўшимча шарт-шароитлар яратиш ҳақида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, мактаб директорлари, ўқитувчилар ва етакчиларнинг билим савиясини ошириш билан бир қаторда спорт билан шуғулланишларини кучайтириш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1