АсосийJamiyat

Ҳарбий билим юртлари курсант ва тингловчилари ўзаро куч синашди

'Ҳарбий билим юртлари курсант ва тингловчилари ўзаро куч синашди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари) ҳамда “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ўртасида спортнинг бир нечта йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилди.

“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Ахборот-технологиялари университети Махсус факультети, Божхона институти, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти курсантлари мини-футбол, арқон тортиш, шахмат, сузиш, ҳарбий эстафета ҳамда 3 километр масофага югуриш бўйича ўзаро беллашди.

Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятидан келган “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари мини-футбол, шахмат, ҳарбий эстафета ҳамда 1 километр масофага югуришда ўз маҳоратини намойиш этди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, икки кун давом этган мусобақа бўлажак Ватан ҳимоячиларининг жисмоний ва ақлий салоҳиятини яна бир бор синовдан ўтказиш имкониятини берди.

Мусобақа якунида шахмат спорт тури бўйича Қуролли Кучлар академияси курсанти Ж.Эшмўминов ғолибликни қўлга киритди. 3 километрга югуришда ғолиблик Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Ж. Булаковга насиб этди.

Арқон тортишда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти жамоаси, футболда эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакиллари биринчиликни қўлдан бермади. Ҳарбийлашган эстафетада Қуролли Кучлар академияси жамоаси олий ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Қуролли Кучлар академияси, иккинчи ўринни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти эгаллади. Ҳарбий билим юртларининг кучли учлигидан ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти жой олди.

“Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ўртасидаги мусобақаларда умумжамоа ҳисобида Урганч “Темурбеклар мактаби” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Фарғона “Темурбеклар мактаби” иккинчи поғонани банд этган бўлса, учинчи ўрин пойтахтимиздаги Миллий гвардияга қарашли мактаб ўқувчиларига насиб этди.

    Бошқа янгиликлар