Бугун кўҳна Хива шаҳрини мамлакатимизнинг бошқа тарихий ҳудудлари билан боғлаш, сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 12-сонли Бухоро-Хива тез юрар йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди.
Бухоро темир йўл вокзалидан ҳаракатини бошлаган мазкур замонавий поезд 13 та вагондан иборат бўлиб, “ekonom”, “biznes” ва “VIP” турларига бўлинган. Шинам, ёруғ ва барча қулайликларга эга бўлган ушбу вагонлар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, йўловчиларга юқори даражада сервис хизмат кўрсатиш мақсадида ресторан-вагон ҳам жорий этилган. Унда юртимиз аҳолиси ва чет эллик меҳмонларга йўл давомида иссиқ ярим тайёр ва турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали хизмат кўрсатилади.
Белгиланган ҳаракат жадвалига кўра мазкур поезд бугундан бошлаб, Бухоро – Хива йўналишида ойнинг тоқ саналарида, соат 12:05 да Бухоро вокзалидан ҳаракатланади ва шу куни соат 17 дан 50 дақиқа ўтганда Хива вокзалига етиб боради.
Хива – Бухоро йўналишида эса ойнинг жуфт саналарида, соат 08:45 да Хива вокзалидан ҳаракатланиб, шу куни соат 14 дан 48 дақиқа ўтганда Бухоро вокзалига етиб боради.
Ушбу янги йўловчи поездининг қатнови йўлга қўйилиши билан қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро ва Хива ўзаро бир йўлда бирлашди, яъни битта композицияни ташкил этди. Бу эса юртимиз аҳолиси ҳамда чет эллик меҳмонлар учун янада кўплаб қулайликлар яратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2018 йил “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ доллари бўлган улкан лойиҳа қисқа муддатда амалга оширилди. Ушбу лойиҳа доирасида, Урганч вокзалидан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 км (асосий йўл 29,6 км) бўлган янги темир йўл бунёд этилди. Бундан ташқари Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, замонавий вокзал ҳам қуриб битказилди.
Бугунги кунда Самарқанд, Қарши, Бухоро ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларига мунтазам қатнови йўлга қўйилган “Afrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлари, келгусида Хива шаҳрига ҳам ҳаракатланиши кўзда тутилган. Бу эса йўловчиларнинг, энг асосийси қадимий шаҳарларимизга ташриф буюраётган сайёҳларга сифатли транспорт хизматини кўрсатиш, уларнинг йўл давомидаги вақтини янада қисқартириб, юртимизни кўпроқ томоша қилишларига жуда катта имконият яратади.






