1

Мамлакатимизда Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

ЖАМИЯТ 13.06.2019, 16:16
Мамлакатимизда Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Мамлакатимизда “Uzbekistan Agrotech Expo-2019” ҳамда “Uzbekistan Agromash Expo-2019” Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма мамлакатимизнинг истиқлол йилларида қўлга киритган ютуқлари, экспорт ва инвестиция салоҳияти, иқтисодиётимиз ва қишлоқ хўжалигида рўй бераётган ўзгаришларни намойиш этиш мақсадида ташкил этилган. Бу галги кўргазмада нафақат мамлакатимиздаги корхоналар, балки, Буюк Британия, Россия, Хитой, Япония, Туркия, Голландия, Германия, Италия, Польша, Испания, Жанубий Корея, Украина, Беларусь, Қозоғистон каби кўплаб давлатларнинг компания ва корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқдалар.

Кўргазма экспозицияси Марказий павильон олдидаги майдондан бошланиб, ундан “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Агрегат заводи”, “Технолог” акциядорлик жамиятлари ҳамда “ЎзКлаасАгро” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси ва бошқа қатор корхоналарда тайёрланаган тракторлар, ғалла ўриш комбайнлари, пахта териш машиналари, тиркамалар ва бошқа қишлоқ хўжалик техникалари жой олган. Ушбу қудратли техникалар ўзининг салобати ва сифати билан кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотаётир.

Айниқса,“Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган “TTZ-812” русумидаги янги трактор ҳамда “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасида тайёрланган замонавий техникалар намойиши ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Боиси, ушбу техникалар ўзининг бежиримлиги ва замонавийлиги билан харидорлар ва фермерларни ўзига жалб қилмоқда.

– Ушбу кўргазма ишлаб чиқарувчи учун ҳам, харидор учун ҳам фойдали, - дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Илҳом Алимов. – Биз бу ерга жамиятимиз тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган 43 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб келдик. Замонавий ва илғор технология асосида тайёрланган ушбу маҳсулотлар харидорларга маъқул бўлмоқда. Шунингдек, кўргазмада мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳамда фермерларга қулайлик яратиш мақсадида, жамиятимиз қошида ташкил этилган “AGROTEXNIKA LIZING” масъулияти чекланган жамияти томонидан барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб бериш юзасидан шартномалар ҳам имзоланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар юртимиз ва хорижлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундай маҳсулотларнинг намойиши эса ички ва ташқи бозорлардаги ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар имзоланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1