1

Ҳарбийлардан навбатдаги ҳайрия акцияси: “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди”

ЖАМИЯТ 13.08.2019, 10:36
Ҳарбийлардан навбатдаги ҳайрия акцияси: “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди”

Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ва муассаларнинг ҳарбий хизматчиларидан иборат фаоллар гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида ҳайрия акциясини бошлади.

Акцияда ихтиёрий равишда иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга, ногирон ва ёлғиз кексаларга меҳр улашиб, улар ҳолидан хабар олишмоқда. Қўлидан келганича моддий ва маънавий кўмак беришмоқда.

– Ана шундай ҳайрия тадбири орқали биз моддий ва маънавий жиҳатдан қийналаётган оилалар, ногирон ва фахрийларимизга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бир қаторда ўсиб келаётган ёш авлод қалбида бошқаларга нисбатан ҳурмат, эътибор ва ғамҳурлик каби олижаноб фазилатларни янада шакллантиришга ҳисса қўшамиз, деб умид қилганмиз, – дейди ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари подполковник Нуриддин Қодиров. – Ҳайрия акциясида иштирок этишни фақат ихтиёрий тарзда йўлга қўйдик. Бугунги кунга келиб унинг иштирокчилари сони ошиб бормоқда. Ҳарбий хизматчиларга қўшилиб уларнинг оила аъзолари ҳам фаоллик кўрсатаётгани, албатта қувонарли ҳол.

“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”, деган халқона ибратни ўзларига шиор қилиб олган фаол ҳарбийлар ҳайрия тадбирларини давом эттиришмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1