Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарима 60 кун ичида тўланмаса, ҳайдовчининг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин. Янги тартиб 2027 йил 7 январдан кучга киради.
Бу Ички ишлар вазирининг 4 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган йўриқномада белгиланган. Ҳужжат 5 ноябрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 6 ноябрь куни расман эълон қилинган.
Йўриқномага кўра, жарима ҳақидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун ичида тўлов амалга оширилиши лозим. Агар қарор устидан берилган шикоят ёки протест қаноатлантирилмаса, жаримани тўлаш учун бу ҳақда хабар берилган кундан бошлаб 30 кун муддат берилади.
Белгиланган муддатда жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг хизмат планшетлари ва бошқа ахборот тизимларида автоматик равишда акс этади. Шундан сўнг ходимлар маъмурий баённома расмийлаштирмасдан, автомобилни жарима майдончасига жойлаштириши мумкин.
Бунда транспорт воситаси жарима ҳақидаги қарор ижроси юзасидан иш юритиш якунлангунига қадар ушлаб турилади.
Бироқ ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали жойида тўлиқ тўласа ва тўлов электрон тизимда тасдиқланса, автомобиль жарима майдончасига олиб кетилмайди. У ерга жойлаштирилган транспорт воситасини қайтариб олиш учун эса жарима бўйича қарздорликни тўлаш ва электрон рухсатнома расмийлаштириш талаб этилади.
Шунингдек, жарималарни муддатидан олдин тўлаш учун белгиланган чегирмалар ҳам сақланиб қолади. Унга кўра, қарор топширилганидан кейин 15 кун ичида жариманинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини тўлаган шахс қолган суммани тўлашдан озод этилади. Бироқ ушбу имтиёз қонунчиликда белгиланган айрим ҳолатларга нисбатан қўлланилмайди.






